14 август куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров қонунчиликка «болалар соғлиғи ёки ривожланишига зарар етказувчи» маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи тузатишларни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қонун билан Жиноят кодексига, шунингдек, «Қирғизистон Республикасида болалар саломатлиги, уларнинг жисмоний, интеллектуал, ақлий, маънавий ва ахлоқий ривожланишига зарар етказилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилди.

Ўзгартиришлар, хусусан, оммавий ахборот воситаларида ва Интернетда қуйидаги мазмундаги маълумотларни тарқатишни тақиқлайди:

  • болаларни уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид соладиган хатти-ҳаракатларга, шу жумладан, соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ундайдиган;
  • болаларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки маст қилувчи моддалар, гиёҳвандлик воситалари, тамаки маҳсулотлари, никотинли маҳсулотлар, алкоголли ва спиртли маҳсулотлар, улар асосида тайёрланган пиво ва ичимликлар, энергетик ичимликларни истеъмол қилиш, қимор ўйинлари, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланиш истагини келтириб чиқариши мумкин бўлган;
  • зўравонлик ёки шафқатсизликни ёқловчи, одамлар ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини рағбатлантирувчи;
  • оилавий ва анъанавий ижтимоий қадриятларни инкор этувчи, ноанъанавий жинсий алоқани тарғиб қилувчи ва ота-оналарга ёки бошқа оила аъзоларига ҳурматсизликни келтириб чиқарувчи;
  • ноқонуний хатти-ҳаракатларни оқловчи;
  • беҳаё сўз ёки порнографик характердаги маълумотларни ўз ичига олувчи.

Тақиқланган ахборотни тарқатиш учун жарималар назарда тутилган, деб ёзади Kloop. Жарима жисмоний шахслар учун 2000 сом (23 $), юридик шахслар учун 10 минг сом (114 $)ни ташкил этади. Оммавий ахборот воситалари ва Интернетда болалар учун «зарарли» контентни чоп этиш 25 минг сом (284 доллар) билан жазоланади.

Қирғизистоннинг «Институт Медиа Полиси» нодавлат ташкилоти ушбу тузатишларнинг қабул қилинишига қарши чиқди ва уларни «цензура ўрнатиш ва фуқароларнинг маълумот олишини ўзбошимчалик билан чеклашнинг яна бир маъмурий ричаги» дея атади. Мутахассисларнинг фикрича, «ташаббускорлар томонидан эълон қилинган болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш мақсади шунчаки популизм ва зўравонлик фаолиятига тақлиддир».

Аввалроқ Европарламент ҳам Қирғизистон ҳукуматини «болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ва бир қатор бошқа қонун лойиҳаларини қайта кўриб чиқишга чақирганди. Депутатлар томонидан қабул қилинган резолюцияда «Қирғизистонда демократик стандартлар ва инсон ҳуқуқларининг хавотирли даражада ёмонлашгани» қайд этилган.

Ўзбекистонда 2017 йилдан бери «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун амал қилади.