Қирғизистон ҳарбий ва қўш мақсадли товарлар устидан экспорт назоратини кучайтириш бўйича «қатор чоралар» кўрди. Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги маълум қилди. Баёнот АҚШ оммавий ахборот воситаларида Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бергани учун АҚШнинг ушбу мамлакатга қарши санкциялар жорий этиш режалари ҳақидаги хабарлари ортидан эълон қилинди.

Баёнотда таъкидланганидек, бу йўналишдаги чора-тадбирлар жорий йилнинг март ва апрель ойларида АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия вакилларининг Қирғизистонга ташрифидан сўнг кўрилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, икки мақсадли товарлар хавфларни бошқариш тизимига киритилган ва уларни рухсатномасиз Қирғизистонга олиб кириш мумкин эмас.

«Шунингдек, экспорт назорати остида бўлган товарларни ноқонуний олиб кириш/экспорт қилишнинг олдини олиш бўйича Қирғизистон Республикаси ишбилармон доиралари билан доимий асосда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилди вазирлик.

Шунингдек, вазирлик Европа Иттифоқи ваколатхонаси ва АҚШнинг республикадаги элчихонасига экспорт назоратини такомиллаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш таклифи билан мурожаат қилинганини билдирди. Жумладан, Қирғизистон Брюсселга Евроиттифоқ мамлакатларида икки мақсадли маҳсулотларни экспорт қилишда охирги фойдаланиш сертификатларини сўрашни таклиф қилди.

«Бу Қирғизистон томони ушбу сертификат орқали икки мақсадли товарларни импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектларни назорат қилиши учун зарур», — дея тушунтирди Иқтисодий савдо вазирлиги.

Вазирлик 2022 йилда Қозоғистонда Қирғизистондан РФга олиб кетилаётган 14 та Хитойнинг DJI Agras T30 дрони қўлга олинганини тан олди. Баёнотда таъкидланишича, етказиб берувчи компания импорт ҳужжатларини олиш учун ариза бермаган ва бу экспорт назорати соҳасидаги ягона қоидабузарлик бўлган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Қирғизистон давлатининг ўзи ҳам, бирон-бир давлат тузилмаси ва компаниялари ҳам АҚШ ҳамда Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан санкция чекловлари билан ўрнатилган қоидаларга риоя қилиш тартибини бузишда иштирок этмаслигини» таъкидлади.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси санкциялар бўйича чекловларни бузишда хусусий компаниялар ва фирмаларнинг «эҳтимолий иштироки»ни тан олди ва уларни аниқлаш бўйича иш бошланганини эълон қилди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ҳам ҳукумат санкция қўйилган товарлар мамлакат чегарасини кесиб ўтмаслиги ва «санкциялар бўлган жойга бормаслиги» чораларини кўришда давом этишига ишонтирди.

Унинг таъкидлашича, бундан ташқари, расмийлар савдонинг шаффоф ўтказилишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. «Дунёдаги вазият жуда тез ўзгармоқда, айниқса йирик давлатлар ниманидир хоҳласа. Биз тўғри йўналишда ишлаяпмиз. Шунинг учун мен бизнесдан сўрайман — тўсатдан у ерда тасодифан бошқа нарса пайдо бўлиб қолмаслиги учун электрон ҳисоб-фактураларни олинг», — деди мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Қирғизистонга қарши санкциялар

Аввалроқ The Washington Post (WP) америкалик расмийларга таяниб, Россияга санкция қўйилган товарлар, жумладан, Хитой дронлари, оптик нишонлари ва бомба схемалари етказиб берилиши туфайли Қўшма Штатлар Қирғизистонга қарши «иқтисодий чоралар» тайёрлаётгани ҳақида ёзган эди.

Нашрнинг ёзишича, Қирғизистондан Россияга экспорт ҳажми 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши олдидан ўтган йилга нисбатан 250 фоизга ошган.

Суҳбатдошлардан бири мамлакатни «барча омиллар бир вақтнинг ўзида санкциялардан қочиш учун қулай муҳит яратаётганининг яққол намунаси» деб атади.

Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси WP нашрига мамлакат расмийлари контрабанда ва бошқа ноқонуний савдога қарши курашда халқаро қоидаларга риоя қилишга содиқ эканини маълум қилди. Дипломатлар, шунингдек, «реал иқтисодий контекст»ни ҳам ҳисобга олишни сўраган: Россия ва Қирғизистон ЕОИИ аъзоларидир ва Россия ҳудудида мамлакатнинг миллиондан ортиқ фуқароси ишлайди.

Кремль ҳам Қирғизистонга қарши қўлланилиши мумкин бўлган санкциялар ҳақидаги маълумотлар бўйича изоҳ берди. «Қирғизистон Россиянинг яқин ҳамкори, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ва интеграция жараёнлари ривожланган, РФ уларни янада ривожлантириш ниятида», — дея маълум қилди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.