Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилидаги тўртта пансионат 49 йил давомида Ўзбекистон тасарруфида бўлади. Бу ҳақда «Азатик» радиоси Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги директори Канатбек Турғунбековга асосланиб хабар бермоқда.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация бир кун аввал ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Қирғизистонга ташрифи чоғида «Энесай» (собиқ Дилором) пансионатини кўздан кечирди.

Турғунбековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон пансионатларнинг ҳар бирига 15−20 миллион доллардан сармоя киритмоқчи.

«„Дилором“, „Золотые пески“ ва „Роҳат“ пансионатларига сармоя жалб қилиш масаласи бор. Яъни сармоя жалб қилсагина бошқаради», — деди у Тазабек нашрига берган интервьюсида.

«Бу ишлайдиган жойлар, 4−5 юлдузли меҳмонхоналар. Ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Келиб қуришсин», — дея қўшимча қилди у.

Фото: Қирғизистон ҳукумати.Фото: Қирғизистон ҳукумати.

Хронология

2016 йилда Қирғизистоннинг собиқ бош вазир Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумати Иссиқкўлда Ўзбекистонга тегишли бўлган тўртта пансионатни миллийлаштиришга қарор қилди. Булар: «Роҳат-НБУ» (кейинчалик номи «Олтин-Жай» деб ўзгартирилди), «Золотые пески» («Бостери»), «Дилором» («Энесай») ва «Бўстон» (номи сақланиб қолган).

Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризаси берганди. 2017 йилда Қирғизистон ушбу тўртта пансионат жойлашган ер участкаларини Ўзбекистонга вақтинча фойдаланишга бергани хабар қилинган эди. Кейин Ўзбекистон томони Халқаро арбитраж судидан даъвони қайтариб олиши кўзда тутилган эди.

Бироқ 2019 йилнинг май ойида Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан шартнома имзоланмагани ҳақида хабар берган эди. Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси маълумотларига кўра, пансионатларни «Мулк» давлат корхонаси бошқаради.

2020 йил февраль ойида Давлат мулк жамғармаси соғломлаштириш марказларини хусусий инвесторларга бериш ниятида эканлигини маълум қилди. Департамент учта пансионатни «давлат тасарруфида қолдирган ҳолда» хусусий бошқарувга беришни режалаштирган. Давлат мулки жамғармаси бундай қарорни пансионатлар аянчли аҳволда эканлиги билан изоҳлади.

Ўзбекистон Миллий банки, «Асака» банк, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Тошкент механика заводи» 2020 йил февраль ойида пансионатлар Қирғизистон томонидан ўзбек ширкатларидан ноқонуний равишда тортиб олингани ва сотилишига қарши чиққани ҳақида маълум қилди. Миллий банк «Роҳат-НБУ» пансионати, Асака — «Дилором» пансионати, «Ўзсаноатқурилишбанк» — «Бўстон», ТМЗ — «Золотые пески» пансионатларига эгалик қилган ва бошқарган.

2019 йил 1-май куни суд Ўзбекистонга тегишли ташкилотлар фойдасига қарор чиқарди ва низо бўйича унинг юрисдикциясини тасдиқлади. Суд жараёни даъвони моҳиятан кўриб чиқишга тайёргарлик босқичида эди, аммо у қандай якунлангани номаълум.