2027 йил 1 январдан Қирғизистонда полимер плёнкадан тайёрланган пакетлар ва пластмасса буюмларни ишлаб чиқариш, сотиш ва бепул тарқатиш тақиқланади, биологик парчаланадиган маҳсулотлар бундан мустасно. Бу ҳақдаги қонунни президент Садир Жапаров 10 август куни имзолади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Пластик пакетлар ва буюмларни ишлаб чиқариш тақиқини бузган учун фуқаролар 10 минг срм (тахминан 114 доллар), юридик шахслар эса 28 минг сом (315 доллардан ортиқ) миқдорида жаримага тортилади.

Пакетларни текин бериш ҳолатларида биринчи қоидабузарлик учун огоҳлантириш, иккинчи қоидабузарлик учун жарима солинади. Бунда юридик шахслар учун 5000 сом (57 доллар), жисмоний шахслар учун 1000 сом (11 доллар) бўлади.

Бундан ташқари, қонун эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун ўтгач, қуйидагилар тақиқланади:

  • Иссиқкўл вилояти курорт ҳудудида полимер плёнкали пакетлар ва барча турдаги пластик маҳсулотларнинг мутлақ айланмаси;
  • Қирғизистоннинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ва биосфера ҳудудларига полиэтилен пакетлар ва маҳсулотларни олиб кириш, улардан фойдаланиш ва сотиш. 2024 йилдан бошлаб бу ерда бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳам тақиқланади.

Қонун муомалада бўлиши тақиқланган пластик маҳсулотлар рўйхатини белгилайди. Булар бир марталик пластик идишларнинг барча турлари; бир марталик пластик озиқ-овқат қадоқлари; ПЭТ пластик ичимлик идишлари (полиэтилентерефталат, РЕТ); бир марталик пластик тухум қадоқлари; пластик кофе капсулалари ва озиқ-овқат учун сектали сумка.

Чекловчи чоралар Қирғизистоннинг «полимер материалларнинг саломатликка ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтиришга» қаратилган, дейилади хабарда.