Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари ходимлари куни билан соҳа вакилларини табриклаб, тизимни «чинакам халқчил тузилма»га айлантириш зарурлигини таъкидлади. Президент тизимдаги давлат хизматларининг 80 фоизи электрон шаклга ўтказилиб, бюрократия ва сарсонгарчилик бартараф этилишини билдирди.
Президент вилоят ҳокимларига ичимлик суви таннархини пасайтиришни буюрди. Эндиликда сув таъминоти бўйича янги лойиҳалар шароитлар ўрганилиб, аҳоли розили олинганидан сўнг маҳаллий кенгашларга кўриб чиқиш учун киритилади. Маблағ, пудратчи ва ишга тушириш саналари маълумотлари эълон қилиб борилади.
Сешанба куни Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли турмуши билан танишиш учун Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди.
Президент эндиликда давлат бюджетининг ҳар бир сатри бўйича аниқ шахслар жавобгар бўлишини маълум қилди. У бюджет интизомини кучайтириш зарурлигини, бюджет маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга йўл қўймаслик ҳамда очиқ-ошкора танлов ва тендерлар ўтказишни кенгайтиришни таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев «ҳар бир сўмни жуда тежамкорлик, ақл билан ишлатиш» ҳамда бюджет тақчиллиги ошишига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлади, деди иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов. 2024 йилдан бошлаб кредитлар тўлиқ инфратузилмага эга тадбиркорларга берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ўзбек тили байрами билан табриклади. Давлат тилини ривожлантириш бошқа тиллар ва маданиятлар ривожи билан уйғунликда кўриб чиқилишини таъкидлади. Шунингдек, у лотинчадаги алифбони такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини инобатга олиш зарурлигини қайд этди.
«Йўлларда шунча одам ўлиб кетяпти, ижтимоий тармоқларга қараб бўлмайди», — деди президент йиғилишда. «Нега президент ташвиш қилиб, ҳаммани „ёндириши“ керак? Нимага депутатлар „ёнмайди“?» — сўради у. Қарийб бир ярим йил аввал ҳам у амалдорларни бундай «фавқулодда ҳолат»га бефарқликда айблаганди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида йил давомида 39 млрд куб метр сув истеъмол қилинган. Шундан 36 фоизи ёки 14 млрд куб метри тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолган, деди президент. Яна 5−6 млрд куб метр сув суғоришнинг эскирган усуллари туфайли йўқотилмоқда.
Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсди. Президент иштирокидаги йиғилишда йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши камида 5,6 фоиз бўлиши кутилаётгани айтилди. Шавкат Мирзиёев 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни пухта ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Ўзбекистон президенти «Бир макон, бир йўл» форумида сўзлаган нутқида Марказий Осиё ва Ипак йўли мамлакатлари иқтисодиёт тармоқларини «яшил» тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш, шунингдек, «Яшил молиялаштириш» жамғармасини ташкил этишни таклиф қилди.
Ўзбекистон президенти ХХР раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди. Унда Тошкентда Синхуа ва Пекин университетлари филиалларини очиш таклифи билдирилди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Хитойнинг Amer International индустриал-саноат холдинги Ўзбекистонда минтақавий офисини очиши мумкин. Шавкат Мирзиёев компания раиси билан учрашувда мисни қайта ишлаш, электротехника, электромобиллар учун аккумулятор батареялари ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди.
Дунёнинг турли минтақаларидаги низо ва беқарор вазиятлар туризмга пандемиядан кўра кўпроқ таъсир кўрсатмоқда, деди Ўзбекистон президенти ЮНВТО Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилишида. У Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги дарахтларни номига эмас, «ҳаётимиз учун, ўпкамизнинг тозалиги учун экиш зарур, чунки бу ўзимизга, жамиятимизга, саломатлигимизга керак», — деди Ўзбекистон президенти.
Президент 17−18 октябрь кунлари амалий ташриф билан Хитойда бўлади. Давлат раҳбари «Бир макон, бир йўл» учинчи халқаро форуми тадбирларида иштирок этиши, ХХР раиси, шунингдек, Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси билан учрашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон президенти Tashkent City ҳудудида қурилиши 15 кун ичида якунланиши режалаштирилган опера театри лойиҳаси билан танишди. Дастлаб опера театри бизнес маркази лойиҳаларига киритилмаган, объект Миллий боғдаги қуритилган кўл ўрнида қурилиши режалаштирилган эди.
Ўзбекистон президенти ўтган қишдан буён «қандай хулосалар чиқарилганини кўриш» мақсадида Тошкентдаги қатор янги ва янгиланган иссиқлик таъминоти объектларида бўлди. Уйлар ва бошқа объектлар иссиқ бўлишини таъминлаш бўйича топшириқ берди. «Энергияни тежаш маданиятини оширишимиз ҳам керак», — деди у.
МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни МДҲ Фахрий нишони билан тақдирлади. Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини эътироф этди.
Бишкекдаги МДҲ мажлисида қатнашган Шавкат Мирзиёев ҳамдўстлик мамлакатларида чекловларсиз эркин савдо ҳудудини шакллантириш учун шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат кооперацияси ва иқлим ўзгариши каби йўналишларда ҳам таклиф билдирди.
Ўзбекистонда 25 октябрдан 1 декабргача кузги дарахт экиш мавсуми доирасида 85 млн туп кўчат экиш режалаштирилмоқда. Президент бу борада аввал йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик шарт эканини таъкидлади. У ободонлаштириш бўлимларини хусусий секторга ўтказиш бўйича тажриба ўтказишни маъқуллади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг