Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш чора-тадбирлари билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, сўнгги вақтларда экологик муаммолар, айниқса, ҳаво тозалиги «кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда».

ҳаво ифлосланиши, шавкат мирзиёев

«Экологик хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ва йўллардаги тирбандликлар бунинг асосий сабабларидан биридир», — дейилади хабарда.

Автотранспорт воситаларининг зарарли ташланмалари билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳри Миробод тумани Файзобод маҳалласида жойлашган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими диагностика марказига айлантирилди.

ҳаво ифлосланиши, шавкат мирзиёев

Марказ фаолиятини ташкил этишда Германия, Белгия, Франция каби ривожланган мамлакатлар шаҳарларининг экологик муҳитини муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор тажриба инобатга олинган, дейилади хабарда.

«Бу ерда транспорт воситаларига давлат рақам белгиси бириктириш ва қайд этиш гувоҳномасини топшириш жараёни турли бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликдан холи қилинган, инсон омили минимал даражага туширилган. Аввал автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш жараёни олти-етти босқичда амалга оширилган бўлса, ҳозирда босқичлар сони учтага қисқарди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

ҳаво ифлосланиши, шавкат мирзиёев

Эндиликда марказда автомобилдан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва экологик текширув натижасидан келиб чиқиб RFID чип ўрнатилган «қизил», «сариқ» ёки «яшил» ёрлиқ (стикер) машинанинг олд ойнасига ёпиштирилади.

Келгусида жорий экологик вазиятдан келиб чиқиб, шаҳар ҳудуди бир нечта экологик зоналарга ажратилади ва транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра, яъни стикер рангига қараб, айрим экологик зоналарга киришни босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда.

Бунда экологик зоналарга рухсат этилмаган транспорт воситаларининг кириши автоматлаштирилган ҳолда назорат қилинади. Қоидабузарлик натижасида келиб тушаётган жарималар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

ҳаво ифлосланиши, шавкат мирзиёев

Тизим тўлақонли ишлаши учун мамлакат бўйлаб 100 га яқин ҳавони мониторинг қилиш автоматик станциялари ўрнатилиши, транспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган зарари даражасини баҳолаш учун 84 та рўйхатга олиш-диагностика марказларини, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг 216 та ҳудудий туман бўлинмаларини замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

ҳаво ифлосланиши, шавкат мирзиёев

Ўз навбатида аҳоли учун электромобилларни харид қилишни рағбатлантириш, шу жумладан, бундай тоифадаги автомобиллар учун давлат рақамларини беришда ундириладиган тўлов миқдорларини камайтириш юзасидан аниқ амалий чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 2030 йилгача «Евро-5» ва ундан юқори стандартларга жавоб бермайдиган автотранспорт воситаларининг эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади.