Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Хонобод шаҳрида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Қайд этилишича, 2024 йил Андижонда 190 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, 7 мингта оила янги хонадон билан таъминланиши, Асака туманида «Янги Ўзбекистон» массиви барпо этилади. Андижон, Асака ва Шаҳрихон шаҳарларида урбанизация дастури амалга оширилади, аҳолиси 100 мингдан ошадиган Асака ва Шаҳрихон шаҳарлари вилоят бўйсунувига ўтказилади.

Ушбу ҳудуддаги ипотека дастури учун қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.

андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Бундан ташқари, маҳаллаларни обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш бўйича Андижон тажрибаси яратилади. Уларни мева-сабзавот, чорвачилик, ҳунармандчилик, касаначилик, саноат, савдо ва хизматга чуқур ихтисослаштириш бўйича дастур амалга оширилади. Бу мақсадларга 850 млрд сўм кредит ресурслари ва 50 млрд сўм субсидия ажратилади.

Транспорт хизматларини яхшилаш мақсадида Хонободдан Асакагача поезд қатновини йўлга қўйиш, Андижондан юртимизнинг бошқа шаҳарларига поезд ва автобус қатновини кўпайтириш режалаштирилди.

Кичик ва микро ГЭСлар қуриш, электр тармоқлари ва йўлларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди. Вилоятда 35 та трансформатор катта юклама билан ишлаётгани, Бўстон ва Улуғнор туманларида электр таъминотидаги узилишлар кўпайгани кўрсатиб ўтилди.

андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Шу боис, Хитой компаниялари билан ҳамкорликда Асакада 150 мегаватт, келаси йили 100 мегаватт электр сақлаш тизимини ишга тушириш режалаштирилган, Андижон туманида жами қуввати 400 мегаватт бўлган қуёш станциялари қурилиши бошланади.

Президент икки йилда 3 та кичик ва микро ГЭС қурилишини якунлаш, ҳиндистонлик ҳамкорлар билан «Шаҳрихонсой» каналида кинетик турбинали 2 та микро ГЭСни ишга тушириш муҳимлигини таъкидлади.

Андижонда 4,5 минг километр янги йўл қуриш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинган. Мавжуд 700 километр йўл бўйини 10 йилгача аҳолига бўлиб бериб, дарахт экиш зарурлиги айтилди.

Андижон аэропортини хусусий шериклик асосида модернизaция қилиш ва бошқарувга бериш ишлари олиб борилмоқда.андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Давлат раҳбари «Хонобод-Андижон» марказий сув қувури иккинчи тармоғини қуришни жадаллаштириш, 8 та туманда ичимлик суви таъминотини яхшилашга халқаро ҳамкорларни жалб қилиш муҳимлигини қайд этди.

Андижон туманида органик чиқиндидан 100 минг тонна ўғит чиқарадиган завод қурилиши, Асакада чиқиндини қайта ишлаб, йилига 2 млн киловатт соат электр ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, 1 минг 760 та қудуқ атрофидаги бўш ерларга 50 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиб, ичимлик суви таннархини пасайтириш таклифи маъқулланди.

Маълум қилинишича, вилоятда ишсизлик даражаси 7 фоизга тушган. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошган. 225 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилган.

андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Бироқ Шавкат Мирзиёев бу кўрсаткичлар ҳали етарли эмаслигини, яна 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда улар касб-ҳунарга ўқитилади, имтиёзли кредитлар берилиб, тадбиркорликка жалб этилади. Хитой тажрибаси асосида маҳаллалар четида иссиқхоналар ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларга бўлиб берилади. Ёшлар ахборот технологиялари ва хорижий тилларга қўшимча ўқитилади.

Мутасаддиларга 335 минг аҳолини ишли қилиш, тадбиркорлик лойиҳаларига 8 триллион сўм кредит бериш, аҳолини кичик бизнесга кенг жалб қилиш орқали Хўжаобод, Шаҳрихон, Булоқбоши туманларида камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш намунасини яратиш топширилди.

Президент Германия, Канада, Корея, Япониядан ишчиларга буюртма бор, номзодлар учун асосий талаб, бу — тил билиш эканини қайд этди. Лекин Андижонда чет тилини яхши биладиган 1,5 мингга яқин ёшлар бор, холос.

Шу муносабат билан хориждаги иш берувчилар талаби асосида 5 минг ёшларни давлат ва хусусий марказларда касб ва тилга ўқитиш, 1 минг нафар ўрта тиббиёт ходимини Германияга мақсадли тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.

андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Иқтисодиёт ва молия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликларига чет тили сертификати олган ёшларга ўқиш харажатини 50 фоизгача қоплашни йўлга қўйиш, немис ва француз тили бўйича Б-2 сертификатини олган ҳар бир ўқувчи учун хусусий ўқув марказларини субсидиялаш тартибини жорий этиш топширилди.

Рақамлаштириш вазирлигига вилоят IT экспортини 50 миллион долларга етказиб, камида 1 минг нафар дастурчига халқаро бозорга чиқишга кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Андижонда автомобилсозлик соҳасида 12 та йирик ва 160 дан ортиқ маҳаллий корхона бор. Уларда 17 минг аҳоли банд. Буни янада ошириш учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни кооперация асосида маҳаллаларда ишлаб чиқариш кенгайтирилади.

Булоқбошида керамик плита, Марҳамат ва Балиқчида чинни буюмлар корхоналари ташкил этилади. Қайд этилишича, қўшни давлатларда 500 млн долларлик чинни бозори бор.

Вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга етказиш имконияти борлиги қайд этилди. Бу йил 150 млн долларлик бўяш ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳалари якунланиб, 6 мингта иш ўрни яратилади. Тўқимачилик корхоналарига Италиядан дизайнерлар олиб келинади.

андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Президент Андижонда мебелчиликни драйверга айлантириш зарурлигини таъкидлади. 2023 йилда 1 трлн сўмлик мебель ишлаб чиқарилиб, ярми экспорт қилинди. Шу боис, Олтинкўл туманида 16 гектар майдонда «Мебелсозлик комплекси» барпо этилади. Комплексни қуриш ва лойиҳаларга 50 млрд сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, Хитой ва Венгриядаги фармацевтика компаниялари Андижонга келиб, ишлаб чиқаришни ташкил қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. Мутасаддиларга ушбу мамлакатларнинг йирик компаниялари билан келишувга эришиб, мураккаб таркибли дори ва тиббий буюм ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўриш топширилди.

Андижон вилояти билан Хитой ишбилармонлари ўртасида 3 млрд долларлик келишувларга эришилган. Унинг 1 млрд долларини шу йилнинг ўзида жалб этиш мумкин. Шу мақсадда Андижон туманида 218 гектарда «Ипак йўли» эркин иқтисодий зонаси ташкил қилинади.

Инвесторларга эркин иқтисодий зоналар учун белгиланган барча солиқ ва божхона имтиёзлари берилади. Шунингдек, саноат зоналардаги бўш ерларга 300 млн долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.

Мутасаддилар жорий йилда 2,5 млрд доллар хорижий инвестиция олиб келиб, 45 мингта иш ўрни яратиш, 1 млрд доллар экспортга таъминлаш режаларини баён қилди.

Андижон туманида Миср тажрибаси асосида ишлаб чиқариш ва савдо марказини бир жойда жамлаган Заргарлик махсус зонаси ташкил этилиши белгиланди. Андижон шаҳрида Давлат асиллик палатаси филиали очилади.

Таъкидланишича, замонавий меҳмонхоналар ва туризм марказларини барпо қилиб, 20 минг кишининг бандлигини таъминлаш имкони бор.

Қишлоқ хўжалигидаги асосий вазифа ҳосилдорликни ошириш, экспортни кўпайтириш ва саноатлаштириш бўлади. Шу мақсадда пахтачиликда 80 центнергача ҳосил берадиган, тола чиқими 45 фоизгача бўлган Хитой нави экилади.

10 минг гектарда томчилатиб суғоришни жорий қилиниб, яна 20 минг гектар лазерли текисланади. «Туямўйин», «Миян», «Чинободсой», «Қадим», «Қатортол», «Пахтаобод» каналлари бетонланади.

андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Мева-сабзавот етиштириш учун оилавий тадбиркорлик доирасида 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади, қурилмалар харид қилишга субсидия берилади, сердаромад экинлар уруғи ва кўчати харажатининг 30 фоизи қопланади.

Озиқ-овқат саноатига хорижий брендлар жалб этилади. Андижон туманида йирик агрологистика маркази қурилади. Дарё ва зовурлар, уларнинг атрофи тадбиркорларга ижарага берилиб, парранда ва балиқ боқиш йўлга қўйилади. Марҳаматдаги пиллачилик кластери Андижоннинг ҳамма туманларига намуна бўлди. Йўл бўйлари, дала, боғ ва ток четлари аҳолига бўлиб берилиб, 20 млн тут экилади.

Ижтимоий соҳалар таҳлил қилинар экан, аввало, мактаб таълими сифатини оширишга эътибор қаратилди. Шу мақсадда 10−11 синф ўқувчиларига аниқ, табиий ва чет тили фанларидан бирини чуқур ўрганиш ёки ишчи ва IT касбларга ўқиш имкони яратилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилиб, амалий машғулотни тадбиркорлар ўтказади.

Асака агротехнология техникуми билан Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўртасида «2+2» дастури жорий қилинади. Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида бошқарув ва ўқитиш методикалари янгиланади.

Вилоят шифохоналарини ривожлантириб, кардио, эндо ва микрохирургия йўналишида тиббий хизматлар экспортини 2 баробар ошириш мумкинлиги қайд этилди. Андижон шаҳридаги бир-бирига яқин жойлашган 8 та шифохонани кластер усулида бирлаштириш, Тиббиёт институти клиникаси негизида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Президент йиғилиш улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунида бўлиб ўтаётганига эътибор қаратиб, бу билан андижонликларни табриклади. Андижон шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи янги ғоявий концепция асосида қайта қурилиши маълум қилинди.

андижон вилояти, шавкат мирзиёев

Давлат раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига ўзбек қўшиқчилигига беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев номини беришни таклиф қилди. У Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида янги истеъдод эгалари тарбияланади.