Умрининг 40 йилини журналистикага бағишлаган Шоназар Иброҳимов ўз даврида Ўзбекистон ҳаётининг турли жабҳаларини кадрларга муҳрлаган. Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов, Ислом Каримов каби Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлари ёнида юриб, уларнинг фаолиятини суратларга олган. «Газета.uz» мухбири 77 ёшли фахрий фотограф билан суҳбатлашди.

Шоназар Иброҳимов Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида туғилган. У журналистика соҳасига кириб келиши ҳақида гапираркан, «Муштум» журналидаги бир мақоласи сабаб охир-оқибат ёзувчи журналист эмас, балки фотограф бўлишга аҳд қилганини таъкидлайди.

«Дадам раҳматли деҳқон бўлиб, диний илм эгаси эди, сиёсатни ҳам яхши тушунарди. Чор Россиясини ҳам, совет даврини ҳам кўрган киши эди. Ота-онам ҳар доим илм олишим кераклигини уқтирарди, бу борада қўллаб-қувватларди. Мактабда ўқиган кезларим ижодга қизиқардим, тадбирларда фаол эдим. Армияда йигитлик бурчимни ўтаган вақтим ҳарбий мухбирлик ҳам қилганман. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да ўқиш билан бирга газета ва журналларга мақолалар ёзиб турардим. Адолат, ҳақиқат учун курашиш мақсадида «Муштум»да ҳам чиқишлар қилардим. Ҳозир ҳокимлар ҳақида мингта нарса ёзинг, битта ҳам чора кўрилмайди. У пайтлар «Муштум»га тушган амалдор лавозимидан учиб кетарди. Абдуллаев деган устозим «Муштум»даги бир материалимни ўқигач, мени роса сўкиб, дакки берган. Шундан кейин фотожурналистикага ўтишга қарор қилганман», — дейди у.

1970−2006 йилларда ЎзА агентлиги, «Тошкент бинокори», «Халқ сўзи» каби нашрларда фотожурналист сифатида ишлаган Шоназар Иброҳимов Ўзбекистон ҳаётининг деярли барча соҳаларига оид фотолавҳалар, фоторепортажлар тайёрлаган. Хусусан, у Тошкент метрополитени қурилишини «оталиқ»га олган фотожурналист сифатида унинг биринчи — «Чилонзор» йўналиши қурилишининг бошидан охиригача суратга туширган.

«У даврда сиёсат шундай эдики, Тошкентдан „прописка“ қилиш учун қурилишда уч ой ишлаб бериш керак эди. Қурилишда ишлаб юрган пайтларимда „Тошкент бинокори“ газетасининг муҳаррири мени ишга таклиф қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 1972 йилда Ўзбекистон телеграф агентлиги (ҳозирги ЎзА)га ишга кирдим. Бир йилдан кейин ҳукумат, Олий Совет тадбирларини суратга ола бошладим. Сиёсатга Шароф Рашидов даврида кириб келганман. Фаолиятим мобайнида Леонид Брежнев, Михаил Горбачёв, Борис Ельцин, Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов, Ислом Каримов каби раҳбарларни суратга туширганман. Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёевни ҳам депутатлик вақтида, бош вазир этиб тайинланганида кўп расмга олганман», — деди Шоназар ота.

Фотожурналистнинг хотирлашича, у ҳамма раҳбарларни бемалол расмларга олган, унга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаган. «Шароф акани шундоқ ёнида туриб расмга олардим, қаршилик йўқ эди. У кишининг юзидан нур ёғиларди. Раҳбарлар орасида фариштасифат, истарали шахс эди. Каримовни эса 2 метр масофадан туриб расмга олардик, яқинлашишга қўйишмасди. Ҳозирги замон камераларида 10 метр узоқликдан туриб ҳам яхши расмга олиш мумкин», — дейди у.

Шоназар Иброҳимов интервью давомида ўзи олган суратлар архивини тарих учун сақлаб қолиш ниятида эканлигини, бу масалада кўмак сўраб маданият вазири Озодбек Назарбеков билан ҳам учрашгани, аммо ҳануз бирор амалий ёрдам кўрсатилмаганини айтиб ўтди.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

«Уйимдаги минглаб суратларни фотожурналми, китоб ҳолатидами сақлаб, келгуси авлодларда қолдириш керак. Бунга маблағ керак. Менинг қурбим етмайди. Ўзи бор-йўғи 1,5 млн сўм нафақа оламан, шуни ҳам дори-даромоним, еб-ичишимга зўрға етказаман. Маданият вазири Озодбек Назарбековга ёрдам сўраб, 3−4 марта ариза ёздим. Охири 2023 йил июнида вазир қабулига чақиришди. Учрашувда вақт камлиги учун мақсадимни қисқароқ тушунтиришга ҳаракат қилдим. Чунки мендан кейин ҳам навбат кутаётганлар кўп эди. Аммо орадан шунча вақт ўтса ҳамки бирор натижа йўқ. Кўчада „Янги Ўзбекистонда инсон азиз, эл азиз“ деган шиорларга кўзим тушади. Ижроси, натижаси бўлмаса, қандай азиз бўламиз? Мен бу тарихни халқимга, келажак авлодга қолдиришни истайман. Менга бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ, ҳозир кўзим юмилса, буни ҳеч кимга кераги бўлмай қолади. Суратларим жуда сифатли, уларни сақласак, яна 100−200 йил туради», — дея қўшимча қилди фотожурналист Шоназар Иброҳимов.

Шоназар ота билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ кўринишини «Газета.uz»нинг YouTube’даги саҳифасида ҳам томоша қилиш мумкин: