Тошкент шаҳрида 500 гектар майдондаги турар жой бинолари реновация дастури билан қамраб олинади. Бу ҳақда пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Сешанба куни президентга қилинган тақдимот чоғида давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби, пойтахтда реновация лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда «ҳаётий давр шартномаси» асосида ҳамкорлик қилиш тартиблари тасдиқлангани маълум бўлди.

Янги «Тошкент инвест компанияси» акциядорлик жамияти хусусий тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда реновация лойиҳаларида иштирок этади.

Ҳоким в.б.га кўра, давлат раҳбари реновация механизми қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунтириб, тасдиқлаб берган.

«Кўп йил олдин қурилган икки қаватли бинолар, Сергелидаги вақтинча қуриилиб кетган уйлар — ҳаммаси талабга жавоб бермайди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан уларда риск катта. Давлат бизнесга шароит яратиб бергани учун хусусий сектор келгусида уларни бемалол кўчиради, чиройли қурилиш объектларини барпо этади. Бизда тахминан 500 гектардан ошиқ ҳудуд реновацияга тушган. Лекин бизда аниқ механизм йўқ эди, ҳозир бу ечилди. Бу — хусусий секторнинг ишлашига жуда катта имконият», — деди Шавкат Умурзоқов.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил декабрь ойида парламентга йўллаган мурожаатномасида биринчи марта жаҳон мегаполислари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда уй-жойларни реновация қилиш дастурини қабул қилиш зарурлигини маълум қилганди.

Ўша йили республика бўйича икки ва ундан юқори қаватли 34 584 та кўп қаватли уйни инвентаризация қилиш натижалари тақдим этилган. 455 та уйда авария белгилари аниқланган (фасаддаги ёриқлар, пойдеворнинг чўкиши, ертўла ва том иншоотларида бетоннинг коррозияси ва бошқалар).

Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Адолат» партияси бу тартиб учун мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида Тошкент шаҳрида янги қурилишларни амалга оширишга қарши чиққанди.