Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб аҳолига кўрсатилаётган барча ижтимоий ёрдамларни ижтимоий карта орқали молиялаштириш жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бунда, энг аввало, «Саховат ва кўмак», «Аёллар», «Ёшлар» дафтарлари жамғармалари, кейинчалик босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар ўтказилади.

Ушбу карта орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, бундай карта идентификация картаси сифатида ҳам хизмат қилади.

Мисол учун: Россияда банк ижтимоий картаси мавжуд. У ҳам тўлов воситаси, ҳам имтиёзли карта ҳисобланади. Унинг ёрдами билан сиз харидлар учун тўловни амалга оширишингиз, жамоат транспортида бепул саёҳат қилишингиз, дўконларда чегирмалар олишингиз мумкин ва ҳоказо.

Давлат раҳбари рақамлаштириш ҳисобига ўрнидан тура олмайдиган, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз 2 минг кишига ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилганини таъкидлади.

Масалан, Навоий шаҳрида яшайдиган ногиронлиги бор ёлғиз аёлни 12 ёшли фарзанди мактабга чиқмасдан парваришлаб келаётган эди. Унга ижтимоий кўмакчи бириктирилиб, уйида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани сабаб, фарзанди мактабга чиқиб, оиланинг ижтимоий аҳволи яхшиланмоқда.

Ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмидан ҳам бехабар. Масалан, ногиронлиги бор фарзандини парваришлаш нафақасини олиши мумкин бўлган 33 минг ота-она ушбу имтиёздан фойдаланмаяпти.

Президент аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида хизматлар кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.