Миллий гвардия ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабларда давомат муаммоси билан шуғулланувчи махсус ишчи гуруҳи тузилди.

Бу ҳақдаги хабардан сўнг интернетда Миллий гвардия ходимларининг мактабларга бориб, ота-оналар ва ўқитувчиларга огоҳлантириш хатлари жўнатаётгани, синфларда телефондан фойдаланишни тақиқлаётгани ҳамда ўқитувчиларга синфдаги ўқувчилар дарсида қатнашмаётгани учун жавобгарлик борлигини айтаётгани акс этган фото ва видеолар пайдо бўлди.

Видеолардан бирида Миллий гвардия ходими шундай дейди: «Телефон ўйнаб, интернет ўйнаб ўтирадиганлар диққатига: Бугундан бошлаб синфга ҳеч қанақа телефон олиб кирилмайди. Ҳамма телефон ўқитувчиларда қолади… Эртага келиб, биз ўтирамиз. Ҳар куни давомат [бўлади]. Соат 8:00 дан кириш тўхтатилади, 8:10 да ҳамма дарсда ўтирган бўлиши керак. [Ўқувчи] иккинчи соатга келдими, ўқитувчи жазоланади. Мен [Андижон шаҳри] ҳокими Ғофуржон Ғуломовичга [Абдураҳмонов] чиқариб юбораман».

Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида ҳам мактаблардан бирининг синф раҳбари овозли хабар юбориб, унда ўқувчилардан мактабга кечикмасдан соат 7:40 да етиб келишни сўрагани ҳақида ёзилди. «Кечга қолганлар билан Гвардия гаплашармуш. Гвардияга ёзма тушунтириш берар эканмиз. Кеча биринчи синф боласини эшик олдида ушлаб, ота-онасини чақиртиришибди», — дейди муаллиф. Бу ҳақда Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги каналларда ҳам ёзилмоқда. Масалан, Platforma.uz канали: «Болаларга қўрқув эмас, мотивация бериш лозим», деб ёзган.

Ҳуқуқбузарлик ва дарс қолдириш

Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 минг жиноят содир этгани, 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётганини айтганди.

«Нима учун ҳокимлар ҳар ҳафтада битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмайди? Ахир Болалар масаласи бўйича миллий комиссияга ҳокимлар масъул эмасми? Мактаблардаги 2000 та инспектор-психолог штати Ички ишлар [вазирлиги]дан Миллий гвардия ўтказилади. Жўраев (Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев — таҳр.) икки ой муддатда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитет»ни яратиш бўйича тизим қилади», — деди давлат раҳбари.

Президент Рустам Жўраевга мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан биргаликда «энг оғир 1000 та мактабларда давоматни яхшилаш тажрибасини жорий этиш» бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Миллий гвардия бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касбга йўналтириш, тарбиялаш бўйича ота-оналар, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш тизимини яратиш устида ишлайди.

«Тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан шуғулланиб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Агар мактабнинг ичига бутун халқ, бутун жамоат билан кирмасак, натижа бўлмайди», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Ким нимага жавоб беради?

Педагог, «Халқ таълими Инфо» лойиҳаси асосчиси Улуғбек Пўлатовнинг ёзишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда махсус ишчи гуруҳ тузилгандан сўнг Миллий гвардия ходимлари ҳар куни мактабларга бориб, давомат ва ўқувчиларнинг билим олишига доир масалалар билан шуғулланмоқда.

«Аммо баъзи ҳудудларда Миллий гвардия вакиллари мактаб маъмуриятининг ички ишларига ҳам аралашишни бошлаб юборганлиги ҳақида эътирозлар етиб келяпти. Мурожаатчиларнинг айтишича, энди мактаб директори, ўринбосари ёки педагог ходим турли хил йиғилиш, тадбир, семинар ёки бошқа сабаб билан мактабга келмайдиган бўлса, уларни жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимнома чиқарилиши мумкин», — деб ёзади у.

Яъни мактаб директори, ўринбосари ёки педагогик жамоаси бирон сабабга кўра мактабга келмаса, Миллий гвардия ходимидан рухсат сўраши керак, деб ёзди Улуғбек Пўлатов.

Таълим соҳаси бўйича эксперт Комил Жалиловнинг таъкидлашича, дарсга қатнашмаслик муаммо, лекин жиноят эмас.

«Муаммонинг илдизи аксар ҳолларда ёки мактабдаги таълим сифати билан боғлиқ бўлади (масалан, ўқувчи бу пайтда репетиторда бўлади), ёки оиладаги иқтисодий, ижтимоий сабаблар туфайли бўлади. Демак, муаммонинг илдизига етиш, оқибат эмас, сабабни ҳал қилиш керак — бу зинҳор Миллий гвардиянинг (ёки бошқа ҳарбий, ярим ҳарбий) структуранинг иши эмас, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг иши, агар ўқувчининг мактабга келмаётгани ортида оила билан боғлиқ вазият бўлса, ижтимоий ҳимоя органларининг иши», — таъкидлади у.

Шунингдек, Комил Жалилов яқинда қабул қилинган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунда ўқитувчининг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз текшириш, ўқитувчининг ўқувчилар билимини тўғри ва холисона баҳолашига таъсир кўрсатиш, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини бажаришда унга тўсқинлик қилиш тақиқланганига эътибор қаратди.

ММТВ муносабати

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова президент билан бўлиб ўтган йиғилишда мактаб инспекторлари ва психологлар таркиби Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардияга ўтказилганини эслатди.

Унинг сўзларига кўра, Мактаб вазирлиги ва Миллий гвардия масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ўқувчиларнинг давомат масаласини «ота-оналар ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ташкил этиш бўйича» ўрганиш ишлари олиб бормоқда.

«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактаб ўқитувчилари ва ходимларининг ишга келиб-кетиши ёки бошқа меҳнат мажбуриятларига амал қилиш жараёнлари вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тартибга солинади. Педагоглар фаолияти бошқа ташкилотлар томонидан назорат қилинади, деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар асоссиз эканини маълум қиламиз», — деб ёзади у.

Шунингдек, матбуот котиб «ёлғон ва асоссиз мазмундаги хабарларни тарқатганлик учун мамлакат қонунчилигига мувофиқ тегишли жазо чоралари қўлланишини» эслатди.

Унинг изоҳига муносабат билдирган Комил Жалиловнинг айтишича, «ота-онага қўрқинчли огоҳлантириш хатлари бериш орқали, ўқувчиларни ва ўқитувчиларни формали ходим билан қўрқитиш» билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

«Мактаб — болани қўрқитиб, таҳдид билан олиб келадиган каторга эмас, ўқувчи учун хавфсиз, дўстона муҳит бўлиши керак. Шундагина ўрганиш жараёни рўй беради. Мактабга келмаётган ўқувчилар билан бола психологиясини, бола тилини тушунадиган, бола ишонадиган мутахассис шуғулланиши керак», — таъкидлади у.

Мутахассис, шунингдек, Миллий гвардия ходимининг дарсларда телефондан фойдаланишни тақиқлагани ва ўқувчилар дарсига қатнашмагани учун ўқитувчиларни жазолаш ҳақида гапирган гапини эслатди.

Миллий гвардия изоҳи

Миллий гвардия матбуот хизмати ушбу ташкилот давомат муаммосини ҳал қилишга жалб этилгани сабабларини тушунтириб, вазиятнинг жиддийлиги ҳақида ёзди.

Турли ташкилотлар йиллар давомида мактаб давомати муаммоси билан шуғулланган. Жумладан, 2013 йилда прокурорлар маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ва бошқа масъул идоралар билан биргаликда бу масалага жавобгар бўлган. Кейинчалик бу муаммо билан профилактика инспекторлари шуғуллана бошлаган ва Халқ таълими, Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари томонидан «Давомат» рейдлари ўтказилган.

«Миллий гвардиянинг вазифаси болалар ва ота-оналар билан мақсадли, шу жумладан, психологик иш олиб бориш, „оила — маҳалла — мактаб“ занжиридаги барча бўғинларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва ниҳоят, болаларнинг ривожланиши ва тарбиясига ҳисса қўшадиган тадбирлар — от спорти, камондан отиш, психологларнинг маҳорат сабоқлари, ҳарбий техника кўргазмалари ва, умуман, Миллий гвардия фаол ўтказадиган ва тажриба орттирган барча нарсаларни ташкил этишдан иборат», — дейилади Миллий гвардия хабарида.

Инспектор-психологлар ва маҳалла раисларининг ота-оналар ва дарс қолдираётган ўқувчилар билан суҳбатларида болаларни «бурғулаш» ёки ўқитувчиларга босим ўтказишга заррача ишора йўқ, дея таъкидлади ташкилот.

Давоматни назорат қилиш ўқитувчиларни ўқувчиларнинг уйларига бориш ва уларни ўқишга кўндириш масъулиятидан озод қилади, айниқса, ота-оналарни бошланғич мактаб таълими зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилади. Уларнинг кўпчилиги фарзандларини турли хил шароитларда мактабга боришларига рухсат бермайди, баҳоналар — объектив эмас, дея Миллий гвардия вазиятни тушунтирди.

Давоматни назорат қилиш орқали Миллий гвардия болаларнинг мактабга бормаслик сабабларини аниқлайди ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун бу ҳақда тегишли тузилмаларни хабардор қилади. Болалар билан ички ишлар вазирлигидан ўтказилган профессионал психологлар суҳбатлашади. Уларнинг доимий иш жойи мактаб бўлиб, у ерда фақат фуқаролик кийимида бўлади, дея таъкидлади Миллий гвардия.

Мактабга бормаслик сабаблари жуда турлича, ёзди Миллий гвардия матбуот хизмати. Масалан, мактаблардан бирининг 8-синфида 34 кишидан бор-йўғи 17 нафари дарсга келган. Фарзандлар, ота-оналар, қариндошлар билан суҳбатдан маълум бўлдики, уларнинг маълум бир қисми оилада бола учун оддий кийим (мавсумий) ва жиҳозлар сотиб олиш учун пул йўқлиги сабаб мактабга бормайди. Бу ҳолатда Миллий гвардия маҳаллага хабар беради.

Бир вилоятда бола жисмоний тарбия фани учун спорт формаси йўқлиги сабабли мактабга бормаган. Соқчилар ўз ташаббуси билан уни сумка, форма ва кроссовка билан таъминлаган. Бошқа вилоятда учинчи синф ўқувчисини биринчи синф ўқувчиси бўлган синглиси билан Миллий гвардия ходимлари мактабга олиб боради, чунки улар узоқда яшайди ва оилада икки фарзанднинг йўлкирасига пул йўқ. «Ҳозир Миллий гвардия учун асосий нарса ана шундай болаларга ёрдам беришдир», — таъкидлади матбуот хизмати.

«Баъзи болалар тадбиркор ота-оналарига ёрдам бериш учун мактабга бормайди. Ушбу ота-оналар ўқишни муҳим деб билишмайди. Бундай ҳолатларда ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилади. Фарзандларини мактабга юборишдан қатъиян бош тортган ота-оналар жаримага тортилган ҳолатлар (ҳозирча камдан-кам) бўлган», — дейилади ташкилот хабарида.

Уларнинг сўзларига кўра, мактабда барибир ўқитувчи йўқ, деб репетитор ёллаган ота-оналар ҳам бор. Аммо репетиторлар одатда битта ёки иккита фандан (кўпинча математика ва инглиз тилидан) дарс беришади. Ўқитувчиларнинг етишмаслиги расмийлар ҳал қилмоқчи бўлган ҳақиқий муаммо ҳисобланади.

«Агар болалардан бири зўравонлик туфайли мактабга бормаса, бу назоратга олинади, психолог болалар билан ишлайди (жабрланувчи ҳам, зўравонликни амалга оширганлар ҳам, иккала томоннинг ота-оналари ҳам). Ҳозирча фақат бир нафар ўсмир дарсга келмаганига шундай сабаб кўрсатган», — дейилади Миллий гвардия хабарида.

«Кўпгина вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бозорларда, шунингдек, дарс вақтида интернет-кафеларда гвардия ходимлари патруль хизмати пайтида вояга етмаганларни пайқаб қолишади. Улар ўсмирнинг исмини, ёшини, нима учун мактабда эмаслигини аниқлайди — лекин куч ишлатмай, жуда мулойимлик билан. Асосий мақсад ота-оналар билан боғланиш, кейинги ҳаракатлар ота-оналар билан олиб борилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Ота-онаси ишлашга кетган, лекин бувиси ёки бошқа қариндошлари чидаш бермаётган болалар тоифаси ҳам бор. Ниҳоят, шундай болалар борки, ўқитувчилар уларни ҳал қила олмайди. Бу ерда иш икки жабҳада олиб борилади — ҳам ота-оналар, ҳам болалар билан», — деб ёзди Миллий гвардия.

«Таъкидлаш жоизки, ҳар бир вазиятда қўрқув уйғотмасдан, балки мактаб ва ўқитувчиларга ҳурмат туйғусини уйғотишга қаратилган ўзига хос ёндашув бўлади», — дея таъкидлади Миллий гвардия ўқитувчиларни калтаклаш ҳолатларини эслаб.

2021 йил ёзида президент қарори билан Меҳрибонлик уйлари Миллий гвардияга бириктирилганди. Унга меҳрибонлик уйларидаги болаларни ота-оналарига қайтариш, васий тайинлаш ва фарзандликка олишга кўмаклашиш вазифалари юкланганди.