Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни Андижон вилоятига борди. Ташрифнинг биринчи манзили «Асака текстиль» кластерининг тўқимачилик корхонаси бўлди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Бу мажмуада 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ «занжир» ташкил этилган. Хусусан, кластер тизимида Андижон вилоятининг Улуғнор ва Жалақудуқ туманлари ҳамда Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида 11 минг 200 гектар майдонда пахта етиштирилади. Шундан 2 700 гектарда томчилаб суғориш йўлга қўйилган.

Асакадаги корхонага Швейцария, Италия, Туркия, Германия, Япониядан ускуналар келтириб ўрнатилган. У йилига 11 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна момиқ ва трикотаж мато, 12 минг тонна ип ва матони бўяш, 6 минг тонна тайёр трикотаж ва сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада 3 минг 200 киши ишлайди.

пахта, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, шавкат мирзиёев

Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Бўёқ цехидан чиққан сувни тозалаш иншооти ҳам ишга туширилган.

Умуман, кластер томонидан 102 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган.

Келгуси йилларда кластер томонидан Улуғнор туманида 70 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш заводи, тикув-трикотаж ва пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиниши режалаштирилган. Уларда яна 1 минг 600 дан зиёд иш ўрни очилади.

Шу ерда Андижон вилояти мисолида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш концепцияси бўйича ахборот берилди. «Ишлаб чиқариш таннархи 15 фоизга қисқартирилади, 65 фоиз қўшилган қиймат яратилади. Дизайнер ва технологлар мактаби ташкил этилади. Нуфузли брендлар ва ритейлерлар жалб этилиб, тармоқ корхоналари экспорти 800 миллион долларга етказилади», дейилади хабарда.

Давлат раҳбари кластер билан фермерлар ўртасидаги муносабатларда манфаатдорликни ошириш масаласига эътибор қаратди.

«Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини ривожлантираяпмиз. Мақсадимиз — ерга нисбатан эътиборни, маҳсулот етиштирадиганлар манфаатини кучайтириш. Соҳанинг қуйи бўғинидаги деҳқон ва фермер ҳам рақобатбардош бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент корхонада ишлаётган тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Таъкидланишича, уларнинг айримлари ўз туманида юқори маошли иш пайдо бўлгани учун меҳнат мухожирлигидан қайтиб келган.

«Қадр аёлдан бошланса, мен ўйлайман, қадримиз баланд бўлади», — деди давлат раҳбари.