Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатни кўздан кечирди. Муассаса ўтган йили 50 млрд сўм давлат бюджети ҳисобидан қурилган, деб хабар бермоқда президент матбуот котиби.

Таъкидланишича, 504 ўринга мўлжалланган мактабнинг 5−11 синфларида аниқ ва табиий фанлар чуқур ўқитилади. Мактабга ўқувчилар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан имтиҳон асосида олинади.

Мактаб-интернатда 60 дан ортиқ ўқув ва компьютер хоналари, чет тили синфлари, лаборатория мавжуд. Шунингдек, 222 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали замонавий жиҳозланган.

андижон, мактаблар, тарбия, таълим, шавкат мирзиёев

Президент ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, бир қатор таклифларни илгари сурди.

Хусусан, мактабнинг юқори синфлари билан олийгоҳ дастурлари ўртасида узвийликни таъминлаш, бир-бирини такрорлайдиган дарсларга ёшларнинг вақтини кетказмасдан, кўпроқ амалиётга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Мактабларга таълим, тарбия ва маънавият бўйича янги муҳит олиб кириш керак, деди президент.

Шунингдек, давлат раҳбари Андижон шаҳрида бунёд этилаётган Универсал спорт мажмуасини бориб кўрди.

Ҳозирда тўрт минг томошабинга мўлжалланган ёпиқ зал қурилган. Унда бир нечта спорт тури бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин бўлади. Жумладан, жорий йил кузда футзал бўйича жаҳон чемпионатининг айрим ўйинлари шу ерда ўтказилади.

андижон, мактаблар, тарбия, таълим, шавкат мирзиёев

Йирик мажмуада бассейн, кафе, ресторан ҳам бўлади. Машҳур спортчиларнинг маҳорат мактаблари учун ҳам шароит яратилади. Машғулотлар спорт федерациялари ва олий таълим масканлари билан боғланган ҳолда олиб борилади.

Мажмуани самарали эксплуатация қилиш, замонавий бошқарувни жорий этиш лозимлиги айтилди.