Ўзбекистонда гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 315 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган. Бу ҳақда 12 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Бу маблағ чорва комплексини ташкил қилиш, қорамол олиш, омухта-ем чиқариш учун миллий валютада 17 фоиздан 3 йил имтиёзли давр билан 10 йилга берилади.

Чорвачилик хўжаликларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун 1 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади. Агар кредит ставкаси 18 фоиздан ошса, фоизларнинг оширилган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов, Халқ банки бошқаруви раиси Шуҳрат Отабоев, «Микрокредитбанк» раҳбари Ориф Бўтаев ва «Туронбанк» раҳбари Чори Мирзаевга бир ой муддатда ушбу маблағ манбаларини аниқлаш ва имтиёзли кредитлар ажратиш шартларини ишлаб чиқиш топширилди.

Чорвачилик ва паррандачилик соҳасида умумий қиймати 5 триллион сўмлик янги 1000 та лойиҳани ишга тушириш бўйича ветеринария қўмитаси, «Микрокредитбанк» ва Халқ банки раҳбарлари масъул этиб белгиланди.

Жамшид Ходжаев, Баҳром Норқобилов ва Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев беларуслик ҳамкорлар билан биргаликда паррандачилик, сут ва омухта-ем ишлаб чиқариш бўйича икки ой муддатда қиймати 200 миллион долларлик лойиҳалар бўйича таклифлар тайёрлаши керак.

2024 йилда балиқчилик соҳаси раҳбарлари олдига маҳсулот ишлаб чиқаришни 1 миллион тоннага етказиш, 50 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари дарёлар қирғоқларида камида 500 та сув омбори ташкил этиш, кооперация асосида балиқ овлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.

Шу билан бирга, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида балиқ етиштириш учун гаровсиз кредит миқдорини 100 миллион сўмгача ошириш таклиф этилди.

2023 йилда Ўзбекистонда 2,83 миллион тонна гўшт (2022 йилга келиб +3,9 фоиз), 11,97 миллион тонна сут (+2,9 фоиз) ва 8,49 миллион дона тухум (+4,4 фоиз) ишлаб чиқарилган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда гўшт 9,3 фоизга, сут 13,3 фоизга, тухум 11,7 фоизга қимматлашган. Шу билан бирга, ушбу маҳсулотлар импорти кескин ўсган: сут маҳсулотлари ва тухум 211,5 миллион долларга (+31,7 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлари 348,4 миллион долларга (+9,1 фоиз) олиб келинган.