Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни Тошкент шаҳрида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни соддалаштириш мақсадида Тошкент шаҳрида акциядорлик жамияти шаклида «Тошкент инвест компанияси» ташкил этилган. Компания бўш ер участкалари негизида инвестиция лойиҳалари ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ), шу жумладан, реновация лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади.

Шу муносабат билан ДХШ шартларида лойиҳаларни амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби, пойтахтда реновация лойиҳаларини амалга ошириш тартиби, «ҳаётий давр шартномаси» асосида ҳамкорлик қилиш тартиби тасдиқланмоқда.

Президентга Янгиҳаёт туманининг саноат салоҳиятини ошириш ва юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилиши режалаштирилган «Янги авлод» махсус саноат зонаси тўғрисида ахборот берилди. 664,5 гектар майдонни эгаллайдиган саноат зонаси ҳудудида яқин йилларда 1,5 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини ўзлаштириш, 2,5 мингта янги иш ўринларини яратиш, йилига 1 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва 5 миллион доллар миқдорида экспорт амалга ошириш режалаштирилмоқда.

У ерда 800 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари жойлашиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг сўзларига кўра, янги саноат зонасининг бошқалардан фарқи шундаки, иштирокчилар учун эгаллаб турган ҳар бир гектар майдонидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш учун алоҳида шартлар белгилаб қўйилади.

«Президентимиз ушбу зонада илмий бўлим бўлиши кераклиги ҳақида топшириқ берди. Яъни соҳалар бир-бирини тўлдириш имкониятига эга бўлиши учун у таълим ва лабораторияларни ҳам ўз ичига олиши керак. Яъни кластер тизими пайдо бўлади», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Шавкат Мирзиёев пойтахтда туризм хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқди.

Шу мақсадда Тошкентнинг Миробод, Олмазор, Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой ва Яшнобод туманларида тегишли чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш режалаштирилган. Дастурда «Гастрономик туризм» ва «ҳунармандлар» кўчаларини ташкил этиш, замонавий савдо-сервис объектлари ва меҳмонхоналар қуриш, каналлар бўйида яшил ва дам олиш ҳудудларини барпо этиш кўзда тутилган.

Президент бу борадаги ишларни маҳалла даражасида ташкил этиш, бунда маҳаллаларнинг ўсиш нуқталарини аниқлаб, муайян фаолият турига ихтисослаштириш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича «Андижон тажрибаси»дан кенг фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлат раҳбари тақдим этилган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифларини маъқуллади.

Президент июль ойида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 320 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил этиш, «Бўрижар» канали қирғоқларини ободонлаштириш ва у бўйлаб гастрономик кўча ҳамда хиёбон қуриш, шунингдек, трансформаторларни ўрнатиш каби қатор лойиҳаларни тасдиқлаганди.

2020 йилда Тошкент вилояти Тошкент туманининг Олмазор туманига туташ ҳудудида қарийб 500 гектар бўлган йўлдош шаҳарча ва саноат зонасини қуриш режалаштирилганди.