Президент Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, мамлакатда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10−12 баробар ортиғи билан қоплашга етади. Лекин шундай улкан имконият анча йиллар давомида ишга солинмаган.

Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келган, яна 13 млрд долларлик лойиҳалар амалга ошириляпти. Деярли барча вилоятларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари қурилмоқда, дейилади хабарда.

Хусусан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушган. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 183 мегаваттли 6 та йирик ва кичик ГЭСлар фойдаланишга топширилган.

Ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бинолар ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 457 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ишларга банклар томонидан қарийб 2 трлн сўм ресурс ажратилган.

Бунинг натижасида қўшимча 5 млрд киловатт-соат экологик тоза электр ишлаб чиқариш ва 1,5 млрд куб метр газ тежаш имконияти яратилган, дейилади йиғилишда. 2024 йилда «яшил энергия» ҳажмини 13 млрд киловатт-соатга, унинг Ўзбекистондаги жами улушини эса 15 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

«2024 йил учун дастлабки режалар билан танишиб чиқдим. На [энергетика вазири Жўрабек] Мирзамаҳмудов, на вилоят ҳокимлари олаётган марралар менга мутлақо маъқул эмас. Улар ўтган йилдан сабоқ чиқариб, 2024 йил бу йўналишда камида икки карра кўп ишлаши ва аниқ натижалар кўрсатиши керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев соҳадаги тажрибага таяниб, бу йилдан йирик «яшил энергия» қувватларини яратиш бўйича уч йиллик дастурга ўтиш зарурлигини таъкидлади.

муқобил энергия, шавкат мирзиёев, шамол электр станцияси, қайта тикланувчи энергия, қуёш электр станциялари

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанция қурилади. Жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қуввати ўрнатилади.

Президентнинг сўзларига кўра, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун ушбу қувватларга мос тармоқларни қуришни ҳамда зарур материаллар ишлаб чиқаришни ҳозирдан бошлаш керак.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов уч йиллик дастурдан ўрин олган 2,6 гигаваттли 14 та станция бу йил ишга туширилиши, уларни тармоққа улаш учун 5 та подстанция қуввати кенгайтирилиб, 500 километр юқори кучланишли электр тармоқлари қурилиши ҳақида ахборот берди.

Президент Энергетика вазирлиги раҳбарига инвесторлар билан гаплашиб, ушбу 14 та станция қурилишини 2−3 ойга тезлаштириш бўйича топшириқ берди. Хусусан, жорий йилда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қуввати 2 ГВт бўлган 11 та қуёш станцияси ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида 600 МВт бўлган 3 та шамол станцияси ишга туширилиши кутилмоқда.

Умуман, янги қувватлар ҳисобига бу йил камида 85 млрд киловатт-соат, шундан қуёш ва шамол станцияларида 6 млрд киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиши айтилди.

Шунингдек, Мирзамаҳмудовга 2024 йилда Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳар бири 150 МВт қувватга эга 2 та энергия сақлаш қувватларини ишга туширишни таъминлаш вазифаси қўйилди.

Президент «Ўзбекгидроенерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангиновга Тошкент вилоятида умумий қуввати 800 МВт бўлган иккита йирик гидротўплаш станцияси бўйича лойиҳаларни бошлаш (улардан бири Франциянинг EDF компанияси томонидан қуриш режалаштирилган) бўйича топшириқ берди.