Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни 2024 йилда амалга ошириш мўлжалланган асосий стратегик ислоҳотларга бағишланган тақдимот билан танишди. Бешта муҳим соҳа — транспорт, урбанизация ва шаҳарсозлик, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва энергетикадаги ислоҳотлар кўриб чиқилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромадни эса 4 минг долларга етказиш мақсадига эришиш учун иқтисодиётдаги трансформация жараёнларини давом эттириш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қийматни таъминлаш зарур, деди президент.

Транспорт имкониятларидан фойдаланиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг бош омилларидан биридир, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Самарали бошқарув учун аэропортларни хусусий секторга ўтказиш бўйича муваффақиятли амалиётни давом эттирган ҳолда Uzbekistan Airports ва Uzbekistan airways компаниялари трансформациясини жадаллаштириш зарур, деди у. Мисол тариқасида Самарқанд аэропортини келтириш мумкин.

Ўзбекистон ҳудудларида молиявий хизматлар, электрон тижорат, масофавий таълим ва тиббий хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун уларни сифатли интернет билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, қайд этди президент.

Тақдимотда таъкидланишича, кейинги етти йилда мамлакатда аҳолиси 300 минг нафардан ортиқ бўлган шаҳар ва туманлар сони ҳозирги 13 тадан 28 тага кўпаяди.

«Айрим шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режалари йўқлиги сабабли фақат энига кенгаймоқда. Бу инфратузилма харажатлари ошишига ва қишлоқ хўжалиги ерлари камайишига олиб келмоқда. Шу боис урбанизация жараёнларини тартибга солиш бўйича концепция ва қонун ишлаб чиқишга эҳтиёж бор», — дейилади хабарда.

Қулай бизнес муҳитини яратиш учун йўл, ичимлик суви, таълим, тиббиёт каби соҳаларда давлат-хусусий шериклик қоидаларини аниқ белгилаш зарур.

Шунингдек, давлатнинг айрим функцияларини, жумладан, ҳудудларни ободонлаштириш, эркин иқтисодий зоналарни бошқаришни хусусий секторга ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва таннархни камайтириш, соҳага инновацияларни жорий этиш бўйича аниқ ечимлар зарурлигини таъкидлади.

Мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун барқарор энергия таъминоти зарур. Яқин йилларда энергияга бўлган эҳтиёж камида 1,5 баробар ортади, дейилади тақдимотда. Айрим тармоқларда энергия сарфи ҳамон юқори, деди президент.

Давлат раҳбари инвесторлар учун ҳуқуқий асос ва мустаҳкам кафолатлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.

«2024 йилда бозор иқтисодиёти пойдеворини қуришнинг барча жараёнларини якунлаб, 2025 йилда миллий иқтисодиётимизни сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага олиб чиқишимиз шарт», — деди президент.

Мамлакатнинг барча илмий-тадқиқот институтларини ислоҳотлар жараёнига жалб этиш, кенг қамровли «йўл харитаси»ни тайёрлаш вазифаси топширилди.