Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Қозон шаҳрида «Келажак ўйинлари» биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг очилиш маросимида иштирок этди.

«Қозон Экспо» халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтган тадбирда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон президентлари ва бошқалар қатнашди. Шавкат Мирзиёев йиғилганларни ўзбек тилида табриклади.

«Азиз дўстлар, бугун мана шундай катта анжуманнинг Россиянинг ҳурматли президенти Владимир Владимирович Путин ташаббуси билан ўтказилаётгани дунёда ҳақиқатда биринчиси. Барчани биринчи „Келажак ўйинлари“ билан табриклайман. Россия халқини ҳам мана шу катта байрам билан табриклайман. Айниқса, Қозон халқи ва ёшларини мана шу байрам билан алоҳида табрикламоқчиман. Бу мусобақаларда Ўзбекистон ёшлари ҳам қатнашяпти, уларга ҳам омад тилайман, омад ҳаммангизга ҳамроҳ бўлсин», — деди у.

Давлат раҳбари шундан сўнг рус тилида сўзга чиқиб, киберспорт ривожига муваффақият тилади ва Қозоғистонда 2025 йилда «Келажак ўйинлари» ўтгач, 2026 йилда уни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Бунгача Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари ўз она тилларида чиқиш қилганди.

Маросимдан сўнг президентлар махсус кўргазма билан танишди. Виртуал макондаги беллашувлар ва анъанавий спортни ўзида мужассам этган «фижитал спорт» концепцияси тўғрисида маълумот берилди.

Етакчилар киберспорт мусобақаларини, фижитал футбол бўйича машғулотлар жараёнини кузатди, спортдаги янги йўналишнинг бугунги ривожи ва истиқболлари ҳақида ҳикоя қилувчи тасвирий санъат намуналари ва тақдимотлар билан танишди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтди. Абдулла Тўқай номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарини Татаристон раиси Рустам Минниханов кузатиб қўйди.

«Келажак ўйинлари» — классик спорт турлари ва уларнинг рақамли аналоглари бўйича гибрид спорт мусобақаларини ўз ичига олган спорт шоуси. «Ўйинлар» 21 февралдан 3 мартгача бўлиб ўтади.

Турнирда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан, жумладан, Ўзбекистондан 300 га яқин жамоа иштирок этмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар фижитал ҳоккей, виртуал велопойга, спорт дастурлаш каби спорт турлари бўйича чиқиш қилади.