Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Қозон шаҳрига амалий ташриф доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди, деб хабар қилди Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ҳамкасбини спортнинг анъанавий ва виртуал турларини ўзида бирлаштирган «Келажак ўйинлари» биринчи халқаро мусобақаси ўтказилаётгани билан табриклади.

«Бундай гўзал тарихий Қозон шаҳрига келиш, телефонда айтганимдек, мен учун доим завқ бағишлайди. Бугун эса бу ажойиб ғоя, сизнинг ташаббусингиз, 300 та жамоа, 100 дан ортиқ, 104 та ҳукуматлар. Биз ҳам Киберспорт федерациясини тузганмиз, аммо бу ташаббусингиз ўз йўлини топади, чунки биз ёшларимизнинг ғоялари изидан боришимиз, уларга шарт-шароит яратишимиз керак… Ҳарқалай, ҳозир ёшлар компьютерда, киберспорт билан шуғулланмоқда. Ва агар улар ҳам киберспорт, ҳам анъанавий спорт турлари билан шуғулланса-чи? Биз бу орқали уларни бироз ҳаракатга келтирамиз», — деди у (иқтибос ТАСС эълон қилган видеодан келтирилган).

«Спорт вазиримиз сизнинг вазирингиз билан жуда жиддий алоқада. Россия қаердан бошлаганди? Сизда аллақачон икки йиллик тажриба, усуллар, методика бор. Бу ерга келишга тайёргарлик кўришдан олдин мактабларда, олий ўқув юртларида буни қандай амалга оширишимиз кераклиги ҳақида кўрсатмалар бердим. Бу ҳам катта савол. Ўйлайманки, сиз билан биргаликда яхши шаклланган тажрибангизни ўргансак, бу биз учун жуда яхши бўларди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати.Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Россияда 15−17 март кунлари бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари ҳақида фикр билдирди.

«Тез орада Россияда катта сиёсий воқеа — президентлик сайлови бўлади. Ишончимиз комилки, Россия халқи аллақачон овоз бериб бўлган. Ўзбекистонда эса сизнинг мутлақ ғалабангизга ишонч билдиришади, деб ҳисоблаймиз. Келишиб олганимиздек, илк ташрифларингиздан бири Ўзбекистонга бўлади. Мен бутун жамоамга бу ташриф ҳар доимгидек барча соҳаларда тарихий ва воқеаларга бой бўлиши кераклигини айтдим. Мен жуда жиддий тайёргарлик кўряпман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Владимир Путин инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш фондини яратиш ғояси муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фонд «яхши таъминланган — 500 миллион доллар». «Бу биз белгилаган режаларни амалга ошириш учун яхши ва самарали восита бўлиши мумкин».

Фото: Президент матбуот хизмати.Фото: Президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Тошкентга ташриф буюрган бош вазир ўринбосари, Саноат ва савдо вазирлиги раҳбари Денис Мантуров ҳамда транспорт вазири Виталий Савельев бошчилигидаги Россия делегациясига «жуда муҳим савол» қўйганини айтди.

«Товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард [доллар] дан ортиқ — бизда бундай кўрсаткичлар йўқ эди. Лекин сизнинг жамоангиз билан барча муаммоларни бошдан кечирдик. Биз 10 ни белгилаганимиз йўқ, биз бу йил, 2024 йилда 5 миллиард доллар сарфламоқчимиз. Яъни бизда реал лойиҳалар, реал ижрочилар ва реал ҳудудлар, реал йўналишлар, йирик лойиҳалар бор. Сиз томонда эса катта жамоа бор. Улар қўлларига қалам олиб, ҳар бир нуқтани босиб ўтишди, мен ҳамма билан батафсил гаплашдим, ҳақиқий натижа бор», — деди Ўзбекистон президенти (Кремль сайтидан иқтибос).

Шавкат Мирзиёев Афғонистон орқали янги темирйўл қуриш лойиҳасига ҳам эътибор қаратди.

«Савельев ўша ерда эди, биз ҳам рози бўлдик. Лойиҳада биз ва россиялик ҳамкасбларимиз иштирок этиши, кейин эса янада кўпроқ тарғиб қилишга қизиқиш бор», — деди у.