26 февраль куни Шавкат Мирзиёевга президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, унда мудофаа вазири қўйилган вазифалар бажарилиши ва қўшинларнинг жанговар шайлигини ва қобилиятини ошириш, уларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш, сержантлар корпусининг фаолиятини такомиллаштириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

«Хусусан, қисқа вақт ичида қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш ва ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди», — дейилади хабарда.

Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов. Фото: Президент матбуот хизмати.Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов. Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент қўшинлар фаолиятини рақамлаштириш вазифаларига эътибор қаратиб, уларни бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимларини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда алоқа тизимини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қуролли кучлар тузилмасини такомиллаштириш, миллий армияни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий-техник воситалар билан таъминлаш ҳамда мудофаа саноати комплексини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари соҳани такомиллаштириш ва мамлакатнинг мудофаа қобилиятини ошириш юзасидан қўшимча топшириқлар берди.