Президент сув хўжалигини вазири Шавкат Хамраевни Қашқадарёдаги ирригация ва мелиорация ишлари ҳолати учун танқид қилди. Шавкат Мирзиёев унга вилоят сув хўжалиги раҳбарларини ишдан олиш ва ишлайдиган одамларни қўйиш бўйича топшириқ берди. Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ҳам давлат раҳбаридан танбеҳ эшитди.
Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари бўйича тажриба-синов лойиҳаси ўтказилади. Оилавий шифокор, терапия ва педиатрия бўйича ёрдамчилар, ҳамшира ва доядан иборат гуруҳлар тузилади. Бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилмоқда.
«Жаноби Рўзиев шарманда қилган экан, энди билинаяпти ҳаммаси. Қашқадарё зўр, гази бор, деб юраверган эканмиз. Вилоят республика газининг 63 фоизини беради. Аммо одамларда газ йўқ, сув йўқ. Қани адолат?», — деди Шавкат Мирзиёев вилоятнинг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев ҳақида.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали мулоқот қилишди. Садир Жапаров «Қирғизистон учун қийин даврда» кўрсатган инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева жинсий тарбияни ёшликдан бошлаш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, мактабгача таълимда ёшга мос қилиб, юқори синфлар ва олий таълимда йигит-қизларни оилага тайёрлаш, репродуктив саломатликка ўқитиш кераклиги айтилди. «Биз ёпганимиз сари интернет очиқ. У салбий оқибатларга олиб келаяпти», — деди юқори палата раиси.
10 ой мобайнида қарийб 8,5 минг хотин-қиз давлат ҳимоясига олинди. Улар орасида оилада отаси ёки онаси томонидан зўравонликка дуч келган қизлар ҳам бор. Шунингдек, ҳимоя ордери олиниши натижасида 418 та оила ажрашиб кетди.
ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Гулнора Каримованинг COVID-19`га чалинмаганини маълум қилди. Унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз экани айтилмоқда. Шунингдек, Сенат раиси Танзила Нарбаева Гулнора Каримовага оид гап-сўзлар юзасидан ўз муносабатини билдириб, «Ҳозир гендер тенглиги ҳақида гапиряпмиз, аёлми, эркакми, жиноят қилса тенг жавоб бериши керак», — деди.
«Ўзбекистонда аёллар ва эркакларга тенг имкониятлар тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш керак, деб неча йиллардан бери айтсак ҳам, бизнинг гапимизга ҳеч ким қулоқ солмаган. Ўша пайтлар шунақа давр эди» — Танзила Нарбаева Вазирлар Маҳкамасида ишлаган вақтида гендер тенглиги масаласига қандай ёндашув бўлганини сўзлаб берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафарини Шаҳрисабздаги Oqsaroy Vortex МЧЖда синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлади.
Президент қарори билан Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар, минтақавий ҳамкорлик ва қирғиз халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилишди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдуллани қабул қилди.
Экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига Алишер Мақсудов номзоди депутатлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси этиб Қудратилла Рафиқов бир овоздан сайланди. Унинг номзоди Оқсоқоллар кенгаши томонидан тавсия қилинди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарийб 900 нафар бангладешликка Ўзбекистонда ишлаш учун рухсат берилмаганини айтди. Uzbekistan GTL ва ENTER Engineering ишлаш ҳуқуқи учун тасдиқномани олиш юзасидан мурожаат қилмаган. Мазкур ҳолатга Қонунчилик палатаси депутати муносабат билдириб, «Ўзимизникиларнинг ризқини қирқиши қанчалик тўғри бўларкин?» — деди.
Президент қарори билан Сирдарё вилоятидаги кўп тармоқли поликлиникаларда тажриба тариқасида «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» хоналари ташкил этилади. Ўрганишлар натижасида бу амалиёт бутун республикада ҳаётга тадбиқ этилади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла билан учрашди. Суҳбатда асосий эътибор Афғонистонни Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларига жалб қилиш ҳамда мустаҳкам тинчлик ўрнатишга қаратилди.
Марказий сайлов комиссияси бир вақтнинг ўзида бир нечта жойга номзод кўрсатилганида, сайловолди тарғиботи ҳамда учрашувлар ўтказишда муаммолар юзага келганини маълум қилди. Шунга кўра, Конституциянинг 117-моддасига тегишлича ўзгартириш киритишни таклиф этмоқда.
Мактабларда дарсдан олдин мадҳия куйлаш, танаффусда ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттириш сўралди. Ушбу мазмундаги хат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги мактаблар раҳбарларига юборилган.
Президент раислигида Қорақалпоғистонни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор бўлиб ўтди. Унда 856 км автомобиль йўлларини таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини 70 фоизга етказиш ҳамда 9 мингдан ортиқ арзон уйлар бунёд этиш таъкидланди. «Умуман олганда, Қорақалпоғистонда ишларни янгича ташкил этиш ва назорат тизими ўрнатилади», — деди президент.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг