21 май куни Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Россия етакчилари олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилган келишувлар ижросининг бориши ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси ҳақида гаплашди.

Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбарлари Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифига тайёргарликнинг боришини ҳам муҳокама қилди. Россия президенти, шунингдек, «Хитой раҳбарияти билан Пекинда бўлиб ўтган музокаралар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди».

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Мирзиёев Путинни Ўзбекистонга таклиф қилганди. «Келишиб олганимиздек, илк ташрифларингиздан бири Ўзбекистонга бўлади. Мен бутун жамоамга бу ташриф ҳар доимгидек барча соҳаларда тарихий ва воқеаларга бой бўлиши кераклигини айтдим. Мен жуда жиддий тайёргарлик кўряпман», — деганди Ўзбекистон раҳбари.