12 ноябрь куни Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия томонидан матбуот анжумани ўтказилди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, Олий Мажлис Сенати ва комиссия раиси Танзила Нарбаева гендер тенглик масаласига Ўзбекистонда қандай қаралганига тўхталиб ўтди.

«Элмира Иркиновна [Баситханова], Фарида Йўлдошевна [Абдурахимова], Гулнора Маҳмудовна [Маруфова]лар тирик гувоҳ, ўша пайтда ишлашган. Биз Ўзбекистонда аёллар ва эркакларга тенг имкониятлар тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш керак деб, неча йиллардан бери айтсак ҳам, бизни гапимизга ҳеч ким қулоқ солмаган. Ўша пайтлар шунақа давр эди. Мен у даврни ёмонламоқчи эмасман, лекин у даврда ҳам ўзига хос ишлар бўлган. Бироқ, ўша даврда бу нарсалар гапирилмас эди. Нимага десангиз, Конституцияда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги ёзилган, Меҳнат кодекси бўйича ҳам ойлик тўлаш-у, ишга қабул қилишда муаммо йўқ. Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ҳаммага бир хил. Нима эҳтиёж бор бундай қонунга, деган жавоб эшитардик. Бу масала тўғрисида биз гапира олмасдик ҳам», — деди Нарбаева.

Сенат раиси, шунингдек, халқаро молия институтлари ўз лойиҳаларини амалиётга тадбиқ қилиш шарти этиб у ёки бу давлатга гендер тенглик масаласини ҳал этиш талабини қўйиши ҳақида гапирди.

«Биз хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги масаласига яхши ёндоша олмас эдик. Халқаро рейтингларда ҳам баҳоларимиз жуда паст даражада эди. Гендер тенглик кўрсаткичларини халқаро ташкилотларга тақдим этиб боришимиз керак эди, лекин ўз вақтида тақдим қилмасдик. Чунки бу иборани ўзини тан олмас эдик, бошида. Шунинг учун биз кўрсаткичларни айтмаганимиз туфайли, халқаро рейтингларда давлатимиз қайд этилмас эди», — дея таъкидлади раис.

Унинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев илк кунларданоқ, яъни 2016 йилда «халқ билан мулоқот» тизимини жорий қилган. Ана шу мулоқотда асосий эътиборни аёллар ва оилалар дардига қаратиш лозимлигини қайд этган.

Анжуман давомида Нарбаева зўравонлик ҳолатлари ҳам жуда кўплигига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, раҳбар ходимлар «Маҳаллада зўравонлик бўйича таҳлил ўтказилди» деган хабар учун ишдан бўшатиб юборилган.

«Мен ўзим ҳам, ўшанда Вазирлар Маҳкамасида ишлаган пайтимда, раҳбарлардан гендер тенглик сўзини ишлатиш мумкин эмас, деган гапларни эшитар эдим. Ичимизда тушунмас эдик, нима учун шунақа экан, деб. У гендер дегани аёлларнинг эркаклардан ўзиб кетаман, дегани эмаску. Гендер бу эркак ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги ва имконият берилиши дегани, у ёғи танлов. Ҳар бир инсоннинг ўз танлови. Агар аёл киши уйда ўтираман, ҳеч қанақанги ишлашни хоҳламайман. Менга шу маъқул, фарзандларимни тарбиялайман, турмуш ўртоғим билан яхши ҳаёт кечираман деса — бу ҳам унинг танлови», — деди.

Йиғилишда, шунингдек, сўнгги уч йилда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қарийб 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, иккита қонун, президентнинг 1 та қарори ва 4 та фармони, ҳукуматнинг 12 та қарори қабул қилинган.