12 ноябрь куни Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан матбуот анжумани ўтказилгани ҳақида хабарбергандик. «Газета.uz» мухбирининг маълум қилишича, анжуманда зўравонлик ва тазйиққа учраган хотин-қизларни давлат ҳимоясига олиш масаласига ҳам тўхтаб ўтилди.

Унда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева ҳимоя ордерини тақдим этиш бўйича 10 ойлик таҳлил натижалари ҳақида ахборот берди.

«1 ноябрь ҳолатига 8431 нафар хотин қизимизга ҳимоя ордери берилди. Шундан вояга етмаган қиз 62 нафарни, 18 дан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар 2103 нафарни ташкил этди. Қолган ҳимоя ордери ундан юқори ёшдагиларга тўғри келмоқда. Жами ҳимояга олинганларнинг 90 фоизи оила-турмуш доирасида низолар сабабли ҳимоя ордери сўраб келишган», — дея такъидлади Умида Абдуллаева.

Умида Абдуллаева. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Таҳлил натижаларига кўра, оилада отаси ёки онаси томонидан зўравонликка дуч келган қизлар ҳам бўлган. Улар давлат ҳимоясига олиниб, ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси [Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик] билан жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, ордерни олишни рад этган фуқаролар ҳам йўқ эмас, улар 151 нафарни ташкил этди. Шундан 85 нафари Фарғона вилоятига, қолганлари Жиззах, Бухоро ва бошқа ҳудудларга тўғри келади. Ҳимоя ордери нафақат низони ҳал этишга, балки, оилаларнинг бузилиб кетишига ҳам олиб келмоқда.

«Бу оила-турмуш доирасида бўладиган бўлса, албатта, шу оилага эртаси кунига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳимоя ордери сўраб келдими, бу нафақат низони бартараф этишга, балки, оилани пароканда бўлишига ҳам таъсир қилиши мумкин. Ҳамма вақт ҳам бу ижобий таъсир кўрсатмайди. 8431 нафар хотин-қиздан низоси бартараф этилганлар 3151 нафарни ташкил этади. Яраштирилганлар 4,5 минг нафар. Ҳимоя ордери олгани таъсирида 418 нафар хотин-қизлар ажрашган», — деди ИИВ полковниги.

Умида Абдуллаева, шунингдек, 319 та ҳолатда низо бартараф этилмай қолганини маълум қилди. Шу билан бирга, ҳимоя ордери бир ой муҳлатга берилиши, низо бартараф этилмаса, тузатиш дастуридан ўтиш шарти билан ордер муддати яна бир ойгача узайтирилиши таъкидланди. Қонун ҳужжатларида ордерни бериш билан бирга, тазйиқ ўтказган шахсга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳам кўзда тутилган.

«Бугунги кунгача бешта жиноий жавобгарликка, 100 яқин маъмурий жавобгарликка тортиш ҳолатлари бўлди. Ордерда бешта чеклов кўрсатиб ўтилган. 5 август куни қабул қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 206 прим-1 модда киритилди. Унга асосан ҳимоя ордерида белгиланган чекловларни бузгани учун БҲМнинг бир бараваридан уч бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланган. Ҳозирга қадар 14 та ҳолатда мазкур модда қўлланилди», — дея маълум қилди Умида Абдуллаева.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева: «Ҳамма пастдаги муаммо, аёлларни чиқа олмаслиги ёки хўрланиши, ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслиги, эркакларни ҳам ҳақ-ҳуқуқларини аёлга нисбатан ошириб юбориши — бунинг ҳаммаси таълим, билимнинг етишмаслигидан», — дея таъкидлади.

Маълумот ўрнида, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликка дуч келган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат ҳисобланади. Ордер жисмоний, жинсий, иқтисодий, руҳий зўравонлик ва тазйиққа учраганларга расмийлаштириб берилади. Ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторингни юритиш масалалари «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"гиқонун, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 4 январдаги «Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тартибга солинади.