11 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдуллани қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини ривожлантиришда эришилган суръатни катта мамнуният билан таъкидлади. Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт ва логистика, энергетика, таълим ва бошқа муҳим йўналишларда устувор лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Афғонистонда минтақавий аҳамиятдаги инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр экани таъкидланди. Музокаралар чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатнинг томонларни қизиқтирган масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Абдулла Абдулла Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик музокараларини бошлашга ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.