7 ноябрь куни Бангладешнинг Ҳазрат Шоҳжалол аэропортидан соат 10:30 да Uzbekistan Air махсус самолёти орқали 239 нафар бангладешлик меҳнат мигранти Қаршидаги инжиниринг компаниясида ишлаш учун олиб келинган. Улар «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва Uzbekistan GTL томонидан амалга оширилаётган Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳасига жалб этилган.

The Daily Star нашрининг ёзишича, Бангладешнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Жаҳангир Алам 888 нафар малакали ишчи-хизматчи кетма-кет учта рейсда олиб келинишини маълум қилган. Элчи, шунингдек, хориж меҳнат бозори мутахассисларининг Ўзбекистонга жалб этилишини ижобий баҳолашини таъкидлаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Тилаволдиев мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

«Бу хабарни ўқиб хайрон қолмасликнинг иложи йўқ.Пандемия натижасида мамлакатимизда ишсизлар сони ошиб бориб, аҳоли даромадлари тушиб кетаётган, ўзимизнинг Россиядан қайтган қоракўз мигрантларимиз иш топишга қийналиб юрган бир пайтда шунча бангладешликларнинг Ўзбекистонга келиб, ўзимизникиларнинг ризқини қирқиши қанчалик тўғри бўларкин?» — деди депутат.

У, шунингдек, «Наҳот, ташриф буюрадиган бангладешликларнинг барчаси юқори малакали ноёб мутахассислар бўлиб, бизнинг мутахассисларимиз улар бажара оладиган юмушни эплай олишмаса??? Айниқса ҳозирги мураккаб пайтда Ўзбекистондаги протекционизм фақатгина айрим монопол корхоналар учунгина эмас, оддий халқ учун фойда келтириб хизмат қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди», — дея қўшимча қилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам мазкур масала юзасидан баёнот берди.

Баёнотда президентнинг тегишли қарори билан «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва Uzbekistan GTL МЧЖ буюртмалари асосида хорижий мутахассисларни ўрнатилган тартибда жалб қилиниши кўзда тутилгани қайд этилган. Лекин бу жараён ҳукуматнинг 2019 йил 25 мартдаги «Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ хорижий фуқаролар Ўзбекистон ҳудудида ишлаш учун тасдиқномалар олиши орқали амалга оширилиши айтиб ўтилган.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга кўра, чет эл фуқаросига Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграция агентлигига мурожаат қилиш лозим.

«Лекин шу кунгача „Ўзбекнефтегаз“ АЖ, Uzbekistan GTL ёки лойиҳа бош пудратчиси, ENTER Engineering Pte. Ltd. компанияси мазкур тасдиқномани олиш учун мурожаат қилмаган», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, вазирлик мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида талаб қилинадиган бўш иш ўринларига маҳаллий ишчиларни жалб этиш ҳамда уларни касбга қайта тайёрлашда ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган.