Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан «Сайлов-2019: ютуқлар, муаммолар ва таклифлар» номли рисола чоп этилди. Ушбу рисолада Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган сайловларнинг таҳлили ўрин олган.

Рисолада қайд этилишича, бир вақтнинг ўзида бир нечта жойга номзод этиб кўрсатилган ҳолатларда, унинг сайловолди тарғиботини олиб бориш, учрашувлар ўтказиш билан боғлиқ муаммолар юзага келгани тўғрисида бир қатор сўровлар келиб тушган.

Бу каби муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси Конституциянинг 117-моддасига бир номзод фақат битта сайлов округидан ва битта маҳаллий вакиллик органига сайланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш таклифи билдирилди.

Маълумот ўрнида, Конституциянинг 117-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Бироқ унда номзод бир вақтнинг ўзида бир нечта маҳаллий вакиллик органи депутатлигига номзод этиб кўрсатилиши мумкинлигига оид ёки аксинча, буни тақиқловчи норма мавжуд эмас. Бу бўшлиқни бартараф этувчи ҳуқуқ Cайлов кодексида ҳам ўз аксини топмаган.

Бундан ташқари, Сайлов кодексига асосан номзод исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бироқ кодексда сайлов бюллетенлари босиб чиқарилгандан сўнг, номзод ўз мақомидан воз кечганида сайлов бюллетенларига қандай тартибда ўзгартириш киритиш кераклиги, номзодга муддатидан олдин берилган овозлар қандай тақсимланиши ёки бекор қилиниш қайд этилмаган. Шу боис сайлов вақтида МСК ҳуқуқий бўшлиқнинг олдини олиш мақсадида тегишли қарорларни қабул қилган.

Марказий сайлов комиссияси келгуси сайловларда юзага келиши мумкин бўлган шу каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Сайлов кодексида номзодликдан воз кечиш муддатларини белгилашни таклиф этмоқда.

Бунинг натижасида сайлов бюллетенлари босиб чиқарилгач ўзгартириш, муддатидан олдин берилган овозларни тақсимлаш ёки бекор қилиш каби камчиликлар бартараф этилади.

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги Ўзбекистон президентлик сайловлари 2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Конституциянинг 117-моддасига биноан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови… тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади».