11 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла учрашуви бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, суҳбат чоғида турли соҳалардаги кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари ҳолати ва уларни янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Муҳокамалар чоғида транспорт, логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашувда Афғонистонда тез орада тинчлик ва барқарорликка эришиш учун мазкур мамлакатни Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларига жалб қилишни жадаллаштиришнинг муҳимлиги қайд этилди.