Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг жазони ижро этиш муассасасида соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Октябрда Гулнора Каримованинг қизи онасининг соғлигидан хавотирдалигини ёзган эди. Иман Каримова айтишича, бир неча кун ичида онасининг соғлиги ёмонлашган ва шифохонага ётқизилиб, икки томонлама ўткир «пневмония» ташхиси қўйилганини маълум қилганди. Таъкидланишича, бу ҳақда Каримованинг адвокатларига хабар берилган. Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда Каримова ўз жонига қасд қилгани ҳақида ҳам ахборотлар урчиб кетди.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида «Газета.uz» ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланди. Ташкилот ахборот хизмати бу маълумотлар нотўғри эканини маълум қилди.

«Унинг аҳволи яхши, COVID-19`га чалинмаган, ўпка пневмонияси ҳам йўқ», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 12 ноябрь куни ўтказилган Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия томонидан матбуот анжуманида Сенат раиси Танзила Нарбаева ҳам Гулнора Каримовага оид гап-сўзлар юзасидан ўз муносабатини билдирди. «Ҳозир гендер тенглиги ҳақида гапиряпмиз, аёлми, эркакми, жиноят қилса тенг жавоб бериши керак», — деди у.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Daryo.uz нашрининг ёзишича, ИИВ полковниги Умида Абдуллаева мазкур масала юзасидан баёнот берар экан, «Ўз жонига қасд қилди деган ёки бошқа нохуш ҳолат ҳақидаги гаплар асоссиз. Гулнора Каримова суд томонидан белгиланган жазо муддатини ўтамоқда», — деди.

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

«Газета.uz»нинг ишончли манбаси хабар беришича, ҳозирга қадар Гулнора Каримова икки маротаба коронавирусга тест топширган ва ҳар сафар унинг жавоби салбий чиққан. Унга ёрдам кўрсатилмаётгани ва тазйиқ ўтказилаётгани ҳам ўз тасдиғини топмади.

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етганини маълум қилгандик. Суд ҳукми билан Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.