Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчиси Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Суҳбатда мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни, аввало, савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ҳудудлараро ва гуманитар алмашинув соҳаларида, бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг оқибатларига қарши курашишда яқин мувофиқлаштириш ва ёрдамни давом эттириш муҳимлигини таъкидлашди. Садир Жапаров Ўзбекистоннинг Қирғизистон учун қийин бўлган даврда дори-дармон, шахсий ҳимоя воситалари, тиббиёт анжоблари ва озиқ-овқат етказиб бериш шаклида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатганлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон қардош Қирғизистон халқининг тинч ва барқарор тараққиёт, фаровонлик ва равнақ сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини» яна бир бор тасдиқлади.

14 ноябрь куни Садир Жапаров Қирғизистон президенти лавозимига ўз номзодини кўрсатиш учун ҳужжатлар тўпламини Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссияга тақдим этди. Муддатидан олдин ўтказилиши режалаштирилаётган президент сайловлари 2021 йил 10 январга белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиши маълум бўлган эди.