Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафоти муносабати билан мамлакат олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, мактубда, жумладан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқлар қалбида доимий сақланиб қолиши таъкидланган.

Президент дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 19 май, якшанба куни Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Эрон-Озарбайжон чегараси яқинида «қаттиқ қўнганди». Қидирув ноқулай об-ҳаво шароити ва қоронғилик туфайли мураккаблашган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зарурат бўлса, ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Бир кун ўтиб эрталаб Mehr агентлиги Раисий вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганини билдирди. Бортдагиларнинг ҳаммаси, жумладан, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян, Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва Оятуллоҳ Муҳаммад Али Але-Ҳошем ҳам вафот этгани айтилган.

Раисий 2021 йил 5 августдан буён Эронга президентлик қилиб келаётганди. У 2022 йилнинг сентябрь ойида расмий ташриф билан Самарқандга келиб, Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказганди. Бу Эрон президентининг 20 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифи бўлган. 2023 йилнинг ёзида Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Эронга борганди.