Президентнинг 10 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан 2021 йил 1 январдан бошлаб Сирдарё вилояти кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тажриба тариқасида «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» хоналари ташкил этилиши белгиланмоқда.

Ушбу хоналарда тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритади.

«Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» хоналари аҳолини тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик масалаларида якка тартибда профилактик тадбирларни олиб боради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги 2022 йил 1 июлга қадар эксперимент натижаларини танқидий таҳлил қилиб чиқади. Хоналарни республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ, болаларни 5 ёшгача бўлган даврда оптимал ривожланиши ва ўсишини таъминлаш мақсадида патронажнинг универсал-прогрессив модели 2022 йил 1 январга қадар босқичма-босқич жорий этилади.

Модел доирасида:

  • ҳомиладор, туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ва 5 ёшгача болаларга алоҳида патронаж ҳамшираси бириктирилади;
  • патронаж ҳамшираси аҳолининг ҳолатини дифференциаллашган ёндашув асосида кузатиб боради;
  • ҳолати қониқарли барча ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар, 5 ёшгача болалари мавжуд оилалар ягона меъёр асосида бевосита кузатилади;
  • руҳий тушкунлик ҳолати, боланинг тўғри овқатланиши ва ривожланиши учун соғлом муҳитни таъминлашда қийинчиликлари мавжуд хавф гуруҳидаги оилаларнинг ҳар бирига индивидуал режа асосида кенгайтирилган ёрдам кўрсатилади.

Шу билан бирга, «Соғлом турмуш тарзи» платформасида тўғри овқатланиш бўлими яратилади. Унда инсоннинг тана вазни индексини ва озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларнинг калориясини ҳисоблаб,кунлик овқатланиш меъёри тавсия этилади.

Давлат раҳбари 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича йиғилиш ўтказганди. Видеоселекторда президент 2021 йилдан болалар ҳамда 35 ёшгача бўлган аёлларга витамин, йод препаратлари, фолий кислотаси ва феррум бепул тарқатилишини таъкидлаган эди.

Мазкур қарорда ҳам бу ўз аксини топган.

2021 йил 1 июндан:

  • 6−23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан;
  • 2−10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

2022 йил 1 июлдан:

  • ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3−15 ёшдаги болалар йод препарати билан;
  • 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади;

Шунингдек, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.