19 май, якшанба куни бортида Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Озарбайжон чегараси яқинида «қаттиқ қўнишни» амалга оширди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб Эрон оммавий ахборот воситалари, жумладан, IRNA давлат ахборот агентлиги хабар берди. Хабар эълон қилинган вақтда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Фото: IRNA.Фото: IRNA.

Қайд этилишича, бахтсиз ҳодиса Эрон шимоли-ғарбидаги Шарқий Озарбайжон вилоятининг Узи қишлоғи яқинидаги тоғли ҳудудда содир бўлган. Раисий Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан Аракс дарёсидаги тўғоннинг очилиш маросимида иштирок этиб, чегарадан ортга қайтаётган бўлган. Вертолётда мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийян ҳам бўлган.

Ички ишлар вазирлиги раҳбари Аҳмад Воҳидийнинг IRIB давлат телеканали орқали хабар беришича, ҳодисага об-ҳаво ёмонлашуви ва туман сабаб бўлган.

«Ҳудудга турли қутқарув гуруҳлари (40 га яқин) жўнатилмоқда, бироқ туман ва ноқулай об-ҳаво туфайли воқеа жойига етиб бориш бироз вақт талаб қилиши мумкин. Вазият назорат остида. Биз экипаж билан боғландик. Бироқ кучли туман ва рельефни инобатга олиб, қутқарув гуруҳлари воқеа жойига эртароқ етиб боради ва бизга қўшимча маълумот беради, деб умид қиламиз», — деди у.

Иброҳим Раисий. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.Иброҳим Раисий. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурийнинг айтишича, вертолёт қаттиқ қўнгач, президентга ҳамроҳлик қилаётган икки киши бир неча бор алоқага чиққан.

Шу билан бирга, Эрон вице-президенти «бу жиддий бахтсиз ҳодиса эмасга ўхшайди», деб таъкидлади.

«Делегация учта вертолётда учди, бироқ президент бортида бўлган вертолёт ва қолган иккита вертолёт ўртасида алоқа узилиб қолди. Қолган иккита вертолёт йўқолган вертолётни қидиришга киришган. Вертолёт йўловчиларидан бири ва унинг экипажи алоқага чиқди, бу эса фалокат даражаси унчалик жиддий эмаслигини кўрсатди. Қизил ярим ой ва армиянинг қутқарув гуруҳлари, Ислом инқилоби соқчилари корпуси зудлик билан воқеа жойига юборилди», — деди у.

вертолёт, вертолёт ҳалокати, иброҳим раисий, эрон

Оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, вертолёт қулаган ҳудудда қоронғи тушган, шунингдек, у ерда ҳам ёмғир ёғмоқда, бу эса автомобиллар ва одамларнинг ўтишини қийинлаштирган лойга сабаб бўлган. Вертолётни қидириш давом этмоқда.

Эронда кўплаб вертолётлар бор, лекин халқаро санкциялар уларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни қийинлаштиради. Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам асосан 1979 йилги Ислом инқилобидан олдин шаклланган, деб ёзмоқда BBC.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабати

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг фавқулодда қўндирилиши ҳақидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилгани»ни маълум қилди.

Вазирлик вертолёт йўловчилари, жумладан, Эроннинг юқори мартабали расмийлари тақдири ҳақидаги маълумотларни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.

«Барча йўловчилар тез орада соғ-саломат топилишига умид қиламиз. Ўзбекистон томони зарурат бўлиши билан Эронлик дўстларимизга барча ёрдам кўрсатилишига тўлиқ тайёрлигини билдиради», — дейилади хабарда.