Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни танқидий таҳлил қилар экан, — «Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаяпти, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада», — дея таъкидлади. Давлат раҳбари бунга собиқ ҳоким Зафар Рўзиев сабабчилигини айтди.

«Жаноби Рўзиев шарманда қилган экан, энди билинаяпти ҳаммаси. Қашқадарё зўр, гази бор деб юраверган эканмиз. Вилоят республика газининг 63 фоизини беради. Аммо одамларда газ йўқ, сув йўқ. Қани адолат?», — дея президент сўзларини келтирмоқда Daryo.uz.

Шунингдек, давлат раҳбари Зафар Рўзиевни иқтисодиёт ва инвестицияни тушунмайдиган раҳбар дея атаган.

«На билими, на савияси бор, иқтисодиёт, инвестицияни тушунмайдиган раҳбар 4−5 йил бошқаргани учун Қашқадарё ҳамма вилоятдан орқада қолиб кетди. Бу, албатта, менинг ҳам хатойим», — дея таъкидланган.

Йиғилишда охирги 10 йил ичида ялпи ички маҳсулотдаги вилоят улуши 9,4 фоиздан 7,1 фоизга, саноатдаги улуши эса 11 фоиздан 6 фоизга тушиб кетгани қайд этилган.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда илмий асос ва инновацион ёндашув йўқлиги танқид қилинган. Шунингдек, вилоят иқлим шароитига мос янги навлар яратилмагани айтилган. Ўтган йили пахта ҳосилдорлиги гектарига 19 центнерни ёки мамлакатдаги энг қуйи кўрсаткични ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги техникалари етишмаслиги ҳамда маҳсулотларни қайта ишлаш даражаси ҳам паст экани таъкидланган.

Шавкат Мирзиеёев и Зойир Мирзаев. Фото: Президент матбуот хизмати.

Йиғилишда Қашқадарё вилоятининг айни кундаги раҳбари Зоир Мирзаев ҳақида ҳам фикр билдирилган.

«Зоир Тоирович — синалган кадр. Тажрибаси бор. Қашқадарёни ўзгартириш учун олиб келинган», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.