Президентнинг 11 ноябрдаги қарори билан Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ташкил этилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Янгиҳаёт туманига ўтказилган ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг почта манзили улардан ариза ёки маълумот талаб қилмаган ҳолда тўғридан-тўғри электрон тизим орқали бепул ўзгартирилади.

Эслатиб ўтамиз, Янгиҳаёт тумани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2020 йил сентябрдаги тегишли қарорлари асосида ташкил этилган. Ушбу туман Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир туманлари ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманлари ҳудудларидан жами 2131,2 гектар ажратиш ҳисобига ташкил этилди.

29 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели туманида барпо этилган янги турар жой мавзесига ташрифи чоғида ушбу ҳудудда пойтахт ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида — Янги ҳаёт кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирганди.

Шунингдек, давлат раҳбари мазкур туманга ҳоким сифатида Хаёт Иногамовни таклиф қилганди. У ҳокимликка таклиф қилинганидан қадар Тошкент шаҳар ҳокимлигида каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари бўлган.