Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ноябрь ойида автомобиллар сотуви 147,5 мингтани ташкил этиб, октябрь ойига нисбатан 19 фоизга пасайганини маълум қилди. Электромобиллар сотуви кетма-кет учинчи ой пасайди.
Ўзбекистонда брендлар номи остида ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга қатор имтиёз ва енгилликлар берилади. Хусусан, уларнинг халқаро стандартларни жорий қилишдаги харажатлари қоплаб берилади ҳамда хомашёлари божхона тўловларидан озод қилинади.
Савдо-саноат палатаси президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди, унга кўра тадбиркорлик субъектларига «амнистия» эълон қилиш ва Солиқ кодексининг 227−1-моддасига асосан белгиланган 400 млрд сўмлик жаримани ҳисобдан чиқариш режалаштирилган. Моддада белгиланган жазони енгиллаштириш ҳам таклиф этилмоқда.
Тошкент шаҳрида «пуфак индекси» уй-жой нархлари пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатмоқда, дейилади МҲТИ ҳисоботида. Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали квартира сотиб олиш учун керак бўладиган вақт 10 йилгача етган (ўртача иш ҳақига нисбатан).
Марказий банк кўрсатмаларга амал қилмагани ва макропруденциал вазифалар ижросини ўз вақтида таъминламагани сабабли битта тижорат банкининг айрим операцияларни амалга оширишига чекловлар киритди. Шунингдек, регулятор 4 та банк ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима қўллади.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Солиқ қўмитаси марказий аппаратининг икки нафар масъул ходими ва Тошкент шаҳри Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шуъбаси собиқ раҳбарини қўлга олди. Улар ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини яширганликда гумон қилинмоқда.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда геология-қидирув ишлари 2−3 километрдан 4−5 километр чуқурликкача туширилгани қайд этилди. Энди ушбу қидирув ишларини 6−7 километрга ошириш режалаштирилмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизими қайта кўриб чиқилади. Вазирликнинг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади. Уларнинг вазифалари ҳамда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалалари Савдо-саноат палатасига ўтказилади.
ЖССТ маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўртача тана массаси индекси 1 квадрат метрга 26,5 кг ни ташкил қилмоқда. Бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир. 2060 йилга бориб семизлик оқибатида иқтисодиётга етадиган зарар 21,6 млрд долларгача ошиши кутилмоқда, бу — ЯИМнинг 4,7 фоизига тенг.
Ноябрь ойида Тошкентда уй ижарасининг ўртача нархи 2,1 фоизга пасайиб, квадрат метри учун 9,3 долларни ташкил этди, дея маълум қилди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази. Пойтахтнинг 10 та туманида ижара нархи тушган, бунда энг арзон ҳудудлар Сергели ва Бектемир бўлиб турибди.
Ўзбекистонда ноябрь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 12,7 фоизни ташкил этиб, октябрга нисбатан 0,7 фоизга пасайди. Энг юқори даража пенсионерлар ва таълим соҳаси вакиллари томонидан қайд этилди.
Сўмдаги кредитлар бўйича ўртача ставка 2020 йил май ойидан бери максимал даражага етиб, 23,8 фоизни ташкил этди. Муддати 1 йилдан ортиқ бўлган барча депозитлар бўйича ўртача ставка 10 йиллик рекорд — 20,7 фоизгача ошди.
Россия ҳамкорлигида Чирчиқ ва Жиззах вилоятида очилган технопаркларни Ўзбекистоннинг яна учта вилоятида қуриш режалаштирилмоқда, деди Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров. Ўзбекистон ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарда фаоллаштиришга тайёр, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев.
Humo Air авиакомпанияси ўзининг илк А320 самолётида Тошкентдан Нукус, Қарши, Самарқанд ва Урганчга илк парвозларини амалга оширди. Чипталар 159,5 минг сўмдан бошланади (олдинроқ харидда, багажсиз). Шиори «Одамлар учади» бўлган компания келаси йил хорижга ҳам рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Россия Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари экспортини ошириш имкониятларини ўрганмоқда, деди мамлакат саноат ва савдо вазири Денис Мантуров. Унинг сўзларига кўра, республикада олиб борилган геология-қидирув ишлари натижалари янги газ конларининг очилиши имконини беради.
«Ҳудудгазтаъминот» компанияси Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари учун киритилган чекловлар юмшатилганини маълум қилди. АГТКШлар «маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида» ишини тиклайди.
Ўзбекистоннинг икки компанияси — Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia Япониянинг санкциялар рўйхатига киритилди. Аввалроқ уларга қарши АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам санкция қўллаганди.
Ўзбекистонда ноябрь ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари октябрга нисбатан деярли ўзгармади, бизнеснинг кутилмалари эса сезиларли пасайди. Иш ҳақи, нафақалар ошиши нархларга босим ўтказишини қайд этганлар кўпайди. Инфляция 8 фоиз ва ундан камроқ бўлишини кутаётганлар улуши пойтахтда энг кам бўлди.
Президент ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ва Ўзбекистонда автомобилларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича топшириқ берди, деди «Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Розуқулов. Унга кўра, «дилерлик тизимини такомиллаштириш ва аҳоли эътирозларининг олдини олиш» ҳам топширилган.
Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат»ни трансформация қилишни жадаллаштириш, моделларни кенгайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий корхоналар электромобиль ишлаб чиқариш соҳасини ўзлаштириб, талабларга мослашмаса, келажакда бозорда ўрин топишда қийналади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг