Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ўзининг Ўзбекистон кўчмас мулк ва ипотека бозори бўйича ҳисоботида Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари учун ҳисобланган «пуфак индекси» нархлар пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатаётганини қайд этди.

Унга кўра, ҳисобот республика бўйича уй-жой нархлари, кўчмас мулк бозорининг жорий ҳолати ва келажаги ҳамда фундаментал ҳамда иқтисодий омилларга асосланган пуфак хавфи тўғрисидаги таҳлиллар билан биргаликда 5455 нафар аҳоли ва 141 қурилиш компанияси орасида ўтказилган сўров натижаларини ҳам ўз ичига олади.

Институтнинг мазкур ҳисоботдаги асосий хулосалари қуйидагилар:

Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари учун ҳисобланган «пуфак индекси» нархлар пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали хонадон сотиб олиш учун талаб этиладиган муддат (ўртача иш ҳақига нисбатан) 10 йилгача етган. Бу борада Тошкент шаҳри Токио, Париж ва Лондон шаҳарларига деярли етиб олган.

Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгариши ва унинг ижарасидан келадиган умумий йиллик даромадлилик жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги узоқ муддатли депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкасидан (2023 йил сентябрда 5,3 фоиз) анча юқори ҳисобланади.

Ўтган йилларда аҳоли сонининг 1 фоизга кўпайиши уй-жойга бўлган талабнинг 0,8 фоизга ошишига олиб келган.

2021−2023 йилларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўртача ҳисобда уй-жой сотиб олувчи ҳар бешинчи киши ипотека кредитларига мурожаат қилган. Бу эса ушбу ҳудудларда аҳоли уй-жой сотиб олишда асосан ўз маблағларидан фойдаланаётганидан далолат беради.

Ҳудудларда 1 квадрат метр учун кадастр ҳужжатлари чиққандан кейинги нарх кадастр олишдан олдинги нархдан ўртача 19−20 фоизга қимматлашади. Пойтахтда эса ушбу кўрсаткич 35−39 фоизгача етади.

Уй-жой нархларининг 500 млн сўмдан ошиши аҳолининг 80 фоиздан ортиғининг уй сотиб олиш имкониятларини пасайтириб юборади. Аҳолининг аксарият қисми ипотека кредити ёки уй-жой нархини бўлиб тўлаш учун ойига 4 млн сўмгача тўлаш қобилиятига эга.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов нарх пуфаклари салбий таъсирининг олдини олиш учун ипотека кредитларига максимал чегара қўйилганини маълум қилганди. Ундан аввалроқ эса регулятор 2022 йил учун Молиявий барқарорлик шарҳида бир қатор омиллар натижасида Тошкент шаҳри уй-жой нархларининг бозор ва фундаментал қийматлари ўртасидаги фарқ 2022 йил IV чорагида 210 млн сўмга (кузатув даври давомидаги ўзининг энг юқори қийматига) етганини маълум қилганди.

«Эътибор берган бўлсангиз, биз ипотека кредитлари ажратишда уйнинг қиймати қанча бўлишидан қатъи назар, кредитнинг максимал чегараларини белгилаб қўйганмиз. Бундай асосий мақсад ҳам, пуфаклар ёрилаётган вақтида банкларга бўладиган салбий таъсирнинг олдини олиш ҳисобланади. 1 млрд сўмлик уй бўладиган бўлса, Тошкент шаҳрида банк ажратадиган кредит 440 млн сўмдан ошмайди. Бу ўз-ўзидан пуфакни камайтириш имконини беради», — деганди Марказий банк раиси.