6 май куни Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Марказий Осиё бўлими раҳбари Винсент Копен, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Карман томонидан Ўзбекистонда яшил ривожланишни қўллаб-қувватлашга доир янги лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда БМТТД матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматига давлат молиясидан самарали фойдаланиш, яшил устуворликларни бюджет жараёнига интеграциялаш (яшил бюджетлаштириш) ва яшил лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш учун инновацион молиявий воситаларни жорий этиш орқали мамлакатда яшил ривожланишни молиялаштиришга комплекс ёндашувни амалга оширишда кўмаклашишга қаратилган.

Мазкур лойиҳани амалга оширишда миллий ҳамкор сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирок этиши кутилмоқда.

Имзоланган келишув доирасида ЕИ томонидан тақдим этилган 600 минг евро миқдоридаги грант маблағлари 2024−2026 йилларда «Ўзбекистонда яшил ривожланишни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ҳукуматига техник ёрдам кўрсатиш учун ФТА ва БМТТДга юборилади.

«Яшил устуворликларни молиялаштиришга интеграция қилиш ва инновацион воситалардан фойдаланиш орқали биз барқарор ривожланишга ёрдам берувчи бюджет жараёнига йўл очяпмиз», — деди Анас Файяд Карман.

Янги лойиҳа 2022−2023 йилларда муваффақиятли амалга оширилган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) асосида бюджетлаштириш методологияси ва амалиётини жорий этиш бўйича ФТА ва БМТТДнинг олдинги қўшма ташаббуси натижалари ва ютуқларига асосланади. Ўшанда ИМВга илғор халқаро тажрибага асосланган методологияларни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, БРМ ва яшил бюджетлаштириш соҳасида миллий ҳамкорлар салоҳиятини мустаҳкамлашда кўмак берилганди.

Лойиҳанинг асосий натижалари Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилаётган бюджетнинг иқлимий белгиланиши ва унинг натижаларини «Фуқаролар учун бюджет» доирасида тақдим этишдан иборат. Бундан ташқари, иқлим ўзгаришига қарши кураш масалалари мамлакат сиёсатига қай даражада интеграциялашгани ва давлат бюджетида акс эттирилганини таҳлил қилиш ва аниқлашга мўлжалланган Ўзбекистондаги иқлим бўйича давлат харажатлари ва институционал баҳолашнинг биринчи шарҳи тайёрланган.

«Ушбу натижалар ҳукуматнинг парламент ва фуқаролик жамияти билан иқлим ўзгариши ва яшил ривожланиш масалаларининг Ўзбекистон учун аҳамияти тўғрисидаги мулоқот ва алоқаларини мустаҳкамлаш учун кучли асос бўлган», — дейилади хабарда.