Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи октябрь ойидаги 9,5 долларга нисбатан 2,1 фоизга пасайиб, 1 квадрат метр учун 9,3 долларни ташкил этди, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида.

Ой давомида пойтахтнинг 10 та туманида ижара нархининг пасайиши қайд этилган. Ижара учун энг қиммат ҳудудлар Шайхонтоҳур (квадрат метри учун 11,6 доллар), Яккасарой (10,9 доллар) ва Миробод (11,5 доллар) туманлари бўлди. Энг арзон нархлар Учтепа (8,1 доллар), Сергели (7,1 доллар) ва Бектемир (6.2 доллар) туманларида бўлиб турибди.

Шу билан бирга, пойтахтда ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 6,1 фоизга пасайган. Йил бошидан буён ижаранинг ўртача нархи 9,2 фоизга камайди. Пойтахтда ижара нархи ой давомида фақат Бектемир туманида (3,7 фоизга) ошган.

Кўчмас мулк бозори

Ноябрь ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоси 4 фоизга ошди, бу аввалги ойга нисбатан 800 та уй-жойга кўпроқ ҳисобланади. Ой давомида фаолликнинг энг кўп ўсиши Хоразм (23 фоиз), Наманган (16 фоиз) ва Жиззах вилоятларида (12 фоиз) қайд этилди.

Йил давомида эса уй-жой савдоси 10 фоизга камайган. Фаоллик энг кўп Навоий ва Жиззах вилоятларида пасайган (мос равишда 23 фоиз ва 18 фоизга). Пойтахтда сотувлар ўтган йилга нисбатан 24 фоизга камайди.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказиИнфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Ноябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиши бир квадрат метр учун 0,7 фоизни ташкил этди, нархлар 2022 йилнинг ноябрь ойидан буён деярли 18,2 фоизга ошган.

Йил давомида Хоразм (32,9 фоиз), Тошкент (31,0 фоиз) ва Бухоро (26,9 фоиз) вилоятларида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг сезиларли ўсиши қайд этилган.

Тошкент шаҳрида ноябрь ойи давомида иккиламчи уй-жой нархи 0,4 фоизга ошди. Пойтахтда нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Шайхонтоҳур (1,7 фоиз), Юнусобод (1,6 фоиз) ва Сергели (1,5 фоиз) туманларида кузатилди. Йил давомида пойтахтда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 22,8 фоизга ошди.

ижара нархлари, иккиламчи бозор, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, уй-жой бозори