Россия Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари экспортини кўпайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда, дея маълум қилди Россия бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров. У бу ҳақда 15 декабрь куни Москвада ўтказилган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, томонлар стандартлаштириш ва метрология соҳасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон томонидан синов лабораторияларини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш учун синов ускуналарининг тавсия этилган рўйхатлари шакллантирилган.

«Бунинг натижасида ЕОИИ (Евросиё иқтисодий иттифоқи)нинг 15 та техник регламенти талабларига мувофиқлигини баҳолаш мумкин бўлади. Биз энергетика соҳасидаги ҳамкорликка катта аҳамият берамиз ва Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтириш имкониятларини ўрганмоқдамиз», — дея Мантуровнинг сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.

Фото: Россия саноат ва савдо вазирлиги.Фото: Россия саноат ва савдо вазирлиги.

Саноат ва савдо вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, Россия Ўзбекистоннинг ўз минерал-хом ашё базасини ривожлантириш истагини қўллаб-қувватлайди ва геология ҳамда ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишни давом эттиришга тайёр.

«Бизда Орол денгизи ва унга туташ ҳудудларда нефть ва газни қидириш бўйича муваффақиятли лойиҳалар мавжуд. Собиқ совет тарихида биринчи марта Ўзбекистон ҳудудида углеводород хомашёси учун сейсмик қидирув ишлари олиб борилди. Уларнинг натижалари минтақада йирик, асосан газ конлари топилишини имконини беради», — деди у.

Ҳукуматлараро комиссиянинг 24-мажлисида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳам иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан Ўзбекистонга нефть етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. Бу 2023 йилда импорт қилиниши режалаштирилган нефть ҳажмидан (300 минг тонна) уч баравар кўпдир.

2023 йил бошида Ўзбекистонга бензин импорти бир неча баробар ошди. Биринчи тўрт ойда 335,2 млн литр келтирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри учун 0,4 центни ташкил этган. Импортнинг аксар қисми Россия ҳисобига тўғри келган.

Президент Шавкат Мирзиёев ноябр ойи ўрталарида Термиз шаҳрида ўтган йиғилишда Сурхондарёда амалга оширилаётган йирик саноат лойиҳалари ҳақида гапирганди. Бойсундаги газ-кимё мажмуасининг ишга туширилиши ва геология-қидирув ишларининг кенгайиши Ўзбекистоннинг 2−3 йил ичида нефть мустақиллигига эришишига олиб келиши кутилмоқда.