Тадбиркорларга Солиқ кодексининг 227−1-моддаси бўйича белгиланган 400 млрд сўм жарималар ҳисобдан чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда 18 декабрь куни Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжон Файзибаев маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

227−1-модда Солиқ кодексининг янги таҳририга 2022 йил 11 мартдан киритилган ва тасдиқлангандан кейин уч ой ўтиб — 13 июндан кучга кирди. Модда қуйидаги талабларни ўз ичига олади:

  • фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • товарларни (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори-дармонлар, маиший техника, 2024 йил 1 мартдан — сув ва ичимликлар) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар учун идентификациялаш воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидалари.

Ушбу талаблар ёки тартиб-қоидаларни бузиш реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Spot.uz`нинг Солиқ қўмитасига таяниб хабар беришича, ўтган йили ушбу модда бўйича 254 та, жорий йилда эса 1083 та корхона жаримага тортилган.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Суюндикованинг айтишича, солиқ органлари савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини ички ҳисоб дастурлари саналувчи R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа тизимлардан фойдалангани ва улар назорат-касса машиналари, яъни солиқ органлари тизими билан интеграция қилинмагани учун жаримага тортмоқда.

Савдо-саноат палатаси президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди, унга кўра, интеграция қилмаганлик учун Солиқ кодексининг 227−1-моддаси бўйича белгиланган 400 млрд сўм жарималарни ҳисобдан чиқариш кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу модда бўйича жазоларни енгиллаштириш режалаштириляпти.

Smart Group компаниялар гуруҳи («Винариба», «Манас», Steam bar, «Будильник», Green) ва Jowi ресторанлар тизими асосчиси Санжар Мақсудов солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашув ҳали техник жиҳатдан имконсиз эканини таъкидлади. Солиқ қўмитаси билан интеграциялашишга уринишлар бир йилдан ортиқ давом этмоқда, бироқ ҳаммаси техник масалаларга боғлиқ, дея қўшимча қилди у.

«Биз интеграциядан манфаатдормиз, мамнуният билан интеграция қилишни хоҳлаймиз. Бироқ техник муаммолар пайдо бўлмоқда. Эҳтимол, барча техник муаммоларни ҳал қилиб, кейин кескин чораларни қўллаш яхшироқ бўларди», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Spot.

Бизнес билан учрашув

Душанба куни Савдо-саноат палатасида чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Дастлаб тадбиркорлар билан Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжан Файзибаев ва Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Умидбек Сафаров суҳбатлашди.

Кейинроқ уларга Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Вахобовлар қўшилди.

Тадбиркорлар автоматлаштирилган ҳисоб тизимларини (R-Keeper, Jowi, iiko) солиқ органлари тизимлари билан интеграцияламаганлик учун жарималар, шунингдек, «катта жарималар» қўлланишидан шикоят қилди.

Улар, шунингдек, айрим ҳолларда Солиқ кодексининг 227−1-моддаси асоссиз қўлланганини таъкидлади.

Алимжан ФайзибаевАлимжан Файзибаев

«Аввал 227−1-модда бўйича жаримага тортилганлар. Бизда республика бўйича жарима суммаси 400 млрд сўмдан ортиқ [ни ташкил этади]. Бугун Савдо-саноат палатаси томонидан 400 млрд сўмни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ПҚ (президент қарори) лойиҳаси тақдим этилди. Амнистия», — деди залдаги олқишлари садоси остида Алимжан Файзибаев.

Унга кўра, ташаббускор Савдо-саноат палатаси бўлиб, Солиқ қўмитаси таклифни қўллаб-қувватлаган.

Жарима миқдори бўйича эса уни тушум (айланма) миқдорининг 100 фоизидан 20 фоизигача камайтириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни таснифлаш, қоидабузарликнинг оғирлигига қараб моддага қўшимча моддалар киритиш имкониятини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси раҳбарлари тадбиркорлардан муаммоларни ҳал этиш, муроса йўлини топиш бўйича ўз таклифларини юборишни сўради.

Ҳудудий солиқ органларининг назорат тадбирлари асосида қабул қилинган қарорлари юзасидан келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун Telegram`да «Солиқ текшируви юзасидан шикоят» боти ишга туширилди.

Йиғилиш бўйича батафсил материал яқин кунларда «Газета.uz»да эълон қилинади.