Ўзбекистонда ноябрь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси октябрь ойига нисбатан 0,7 фоизга пасайиб, 12,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк инфографикасида маълумот берилган.

Аҳоли томонидан энг юқори сезилган инфляция даражаси пенсионерлар (14,8 фоиз) ва таълим соҳасида фаолият олиб борадиганлар (13,5 фоиз) томонидан қайд этилди. Энг паст сезилган инфляция даражаси эса ташиш хизматлари соҳасида кузатилди (10 фоиз).

Инфографика: Марказий банкИнфографика: Марказий банк

Ҳудудлар кесимида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражасининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (15 фоиз) ва Сирдарё вилоятида (13,5 фоиз) қайд этилди, энг паст кўрсаткичлар эса Навоий вилояти ва Қорақалпоғистонда бўлиб турибди (иккала ҳудудда ҳам 10,7 фоиз).

Даромадлари 7 млн сўм ва ундан юқори бўлган респондентлар сезган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори шаклланди.

марказий банк, сезилган инфляция

Ноябрда аҳоли энг кўп бензин ва ёнилғи, гўшт ҳамда сут нархи ошганини сезган. Нархлар ўсиши маиший хизматлар, алоқа ва интернет, таъмирлаш хизматларида энг кам сезилган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи якуни бўйича Ўзбекистонда 1,1 фоизлик инфляция қайд этилиб, йиллик инфляция 8,8 фоиздан пасайганди — бу сўнгги 7 йилдаги энг паст кўрсаткич. Ўтган ойда тухум ва шакар нархи ошган, мол гўшти, ун ва сариёғ арзонлашган. Бензин ва пропан нархи ошиб бормоқда, поезд чипталари ҳам қимматлаган.