Ўзбекистонда ноябрь ойида аҳолининг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан деярли ўзгармади ва 13,6 фоизни ташкил этди (октябрда 13,7 фоиз). Бизнес кутилмалари эса ўтган ойга қараганда сезиларли пасайиб, 13,1 фоизга тенг бўлди (октябрда 14,4 фоиз). Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган инфографикада маълумот берилган.

Аҳоли нархларнинг кўтарилишига энг кўп валюта курсидаги ўзгаришлар ҳамда ёқилғи ҳамда энергия нархидаги ўзгаришлар таъсир қилишини кутмоқда. Шунга қарамай, бундай хавотир билдирган респондентлар улуши октябрь ойига нисбатан камайган. Иш ҳақи ва нафақалар ошишини асосий омил сифатида кўрсатганлар улуши эса сезиларли кўпайди (24 фоиздан 38 фоизга).

Тадбиркорлик субъектлари кутилмаларида ҳам айни ҳолат кузатилган. Уларда нархларнинг кўтарилишига энг кўп валюта курсидаги ўзгаришлар ҳамда ёқилғи ҳамда энергия нархидаги ўзгаришлар таъсир қилади, деган кутилма сақланиб турибди. Лекин ёқилғи ва энергия қимматлашуви омилини кўрсатган респондентлар улуши камайган (47 фоиздан 40 фоизгача). Иш ҳақи ва нафақалар ошиши омилини белгилаганлар 24 фоиздан 37 фоизгача ошган.

Сўрономада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма пенсионерлар (15,9 фоиз) ва таълим соҳасида (14,3 фоиз) ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани туризм соҳасида фаолият юритувчилар белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма ишлаб чиқариш (13,9) ва маркетинг (13,5) соҳасида, энг оптимистик кутилма эса ҳунармандчилик (11,8) соҳасига тўғри келган.

аҳоли, бизнес, инфляцион кутилмалар, марказий банк ставкаси

Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (15,7 фоиз), Самарқанд вилоятида (14,9 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кутилмалар Навоий вилояти (11,4 фоиз) ва Қорақалпоғистонга (11,7 фоиз) тўғри келган. Бизнеснинг кутилмалари эса Самарқанд (15,6) ва Сирдарё (14,6 фоиз) вилоятларида энг баланд, Хоразм (11,1 фоиз) ва Навоий (10 фоиз) вилоятларида эса энг паст.

аҳоли, бизнес, инфляцион кутилмалар, марказий банк ставкаси

Даромадлар кесимида эса вазият қуйидагича: 7 млн сўмдан кўп даромадга эга аҳолининг кутилмалари ўртачадан юқори шаклланган. 2−3 млн сўм оралиғида бўлганларнинг кутилмалари ҳам ўртачадан юқори кўрсаткични қайд этган.

аҳоли, бизнес, инфляцион кутилмалар, марказий банк ставкаси

Инфляция 8 фоиз ва ундан камроқ бўлишини кутаётган респондентлар улуши Тошкент шаҳрида энг кам (24 фоиз), Қорақалпоғистонда эса энг кўп (49 фоиз) бўлган.