Россия Ўзбекистон билан саноат кооперациясини мустаҳкамлашни давом эттириш ниятида, деди Россия Федерацияси бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров 15 декабрь куни Москвада бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, Россия Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий сармоядорларидан биридир. Россия компаниялари инвестициялари ҳажми аллақачон 1,2 триллион рублдан (тахминан 13,37 миллиард доллар) ошган.

«Бу, масалан, йирик инфратузилма ва саноат объектларига тегишли. Эндиликда биз Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан Россия саноат компаниялари иштирокида ва молия институтлари кўмагида Тебинбулоқ кони негизида металлургия кластерини барпо этиш, «Олмалиқ КМК»да мисни қайта ишлаш заводи, Бухоро вилоятидаги газ-кимё мажмуаси ва иссиқлик электр станциялари лойиҳалар устида ишлаяпмиз», — деди у.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Чирчиқ шаҳри ва Жиззах вилоятида аллақачон очилган қўшма саноат паркларининг ташкил этилиши саноат кооперациясини мустаҳкамлайди, деб ҳисоблайди у. «Кейинчалик биз бу амалиётни Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам қўллашни режалаштирмоқдамиз», — дея қўшимча қилди Россия ҳукумати раиси ўринбосари.

Ҳукуматлараро комиссиянинг 24-мажлисида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам иштирок этди. У Россия ва Ўзбекистон саноат вазирликлари ва идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик билан бир қаторда Тошкентдаги «Иннопром. Марказий Осиё» ва Қозондаги учинчи минтақалараро форум икки мамлакат ишбилармон доиралари, ишлаб чиқарувчилари ва минтақалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун самарали платформага айланди.

«Молия-банк соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапирар эканман, Ўзбекистон томони томонлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мамлакатларимизнинг миллий валюталарида ўзаро ҳисоб-китоблар механизмини фаоллаштиришга тайёрлигини таъкидламоқчиман», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди Россия ҳукумати сайти.

Учрашув якунлари бўйича Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш федерал корпорацияси ва Ўзбекистон Бизнесни ривожлантириш банки ўртасида саноат кооперацияси ва рақамли тизимлар интеграцияси соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги саноат парки Россия компаниялари ишлаб чиқаришини Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришга мўлжалланган.