Ўзбекистон Марказий банки кўрсатмаларига амал қилмагани ва макропруденциал вазифалар ижросини ўз вақтида таъминламагани сабабли 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чекловлар ўрнатилди, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.

Чекловлар Банк назорати қўмитасининг ноябрь ойидаги 7 та йиғилишидан бирида киритилган. Регулятор чекловлар айнан қайси банк фаолиятига киритилганини очиқламади. Ой давомидаги йиғилишларда жами 26 та масала кўриб чиқилган.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 16 та масала кўриб чиқилиб, улардан кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (7 та), аудиторга малака сертификатини бериш (5 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (4 та) каби масалалар ўрин олган.

Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати бўйича (10 та масала) банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан Марказий банкнинг пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинган.

«Хусусан, Марказий банк кўрсатмаларига амал қилмагани ва макропруденциал вазифалар ижросини ўз вақтида таъминламагани сабабли 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чекловлар ўрнатилди. Марказий банкка ишончли бўлмаган маълумотлар тақдим қилгани ва Марказий банкнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши таъминланмагани учун 4 та банк ва 2 та микромолия ташкилоти тегишли чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилди», — дейилади регулятор хабарида.

Шунингдек, пруденциал нормативларга риоя қилмагани оқибатида 4 та банкка ва аниқланган қоидабузарликлар учун 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима чоралари қўлланган. Бу банклар ва тўлов ташкилоти номи ҳам очиқланмаган.

Бундан ташқари, қўмита ўзининг тизим барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни тузатиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захиралар яратиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф қилиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берган.

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси Марказий банк кўрсатмаларга амал қилмаган ва юклатилган вазифалар ижросини таъминламаган 16 та банкка нисбатан жарима чораси қўллаганди.