2060 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиётига ортиқча вазн ва семириб кетишдан тушадиган харажатлар 21,6 миллиард долларгача ошади, бу аҳоли жон бошига 490 доллар ва ЯИМнинг 4,7 фоизига тўғри келади. Рақамлар умумий харажатларнинг 12 баробар ўсишини англатади.

Бу бўйича Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жаҳон банки, ЖССТ ва Бутунжаҳон семизликка қарши курашиш федерацияси (WOF) маълумотлари асосида ортиқча вазн ва семиришнинг Ўзбекистон учун иқтисодий оқибатларини таҳлил қилди.

Ўзбекистонда ўртача Тана массаси индекси (ТМИ) 1991 йилдан буён ҳар йили 0,12 пунктга ошди ва 2006 йилда ҳар квадрат метр учун 25 кг га етди.

Тана массаси индекси қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: тана вазни килограммда / бўй эса квадрат метрда. Эркаклар учун идеал тана вазни индекс бўйича 23, аёллар учун эса 21,5 ни ташкил этади.

ЖССТ маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда ўртача ТМИ ҳар квадрат метр учун 26,5 кг ни ташкил қилади, бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Юқори ТМИ юрак-қон томир касалликлари, диабет, таянч-ҳаракатланиш тизими касалликлари ва саратон каби юқумли бўлмаган касалликларнинг асосий хавф омилларидан биридир.

WOF маълумотларига кўра, 2030 ва 2060 йилларга келиб, ортиқча вазнли ёки семириб кетган катталар улуши мос равишда 59% ва 80% гача ошади. Семизлик билан касалланган катталар улуши 2020 йилдаги 18,9 фоиздан 2030 йилга келиб 25 фоизга ва 2060 йилга келиб 50 фоизга ошади.

Декабрь ойи бошида Санитария-эпидемиология қўмитаси ЖССТга таяниб, Ўзбекистон аҳолисининг 18−64 ёшдагилар орасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ярми оғир вазнли, 20 фоизи семиз ҳисобланиши ҳақида хабар берганди. 46 фоизининг қонида эса холестерин миқдори ошган.

Бундан ташқари, ҳар куни аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) етарли миқдорда (400 граммдан кам) сабзавот ва мевалар истеъмол қилмайди. Аҳолининг ўртача туз истеъмоли кунига 14,9 граммни ташкил этади. Бу ЖССТ томонидан тавсия этилган миқдордан 3 баравар кўп (кунига 5 граммдан ошмаслиги лозим) деганидир.