Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятини трансформация қилишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатда логистика билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, автомобиль ишлаб чиқариш 3 баробар ошгани таъкидланди. Йил охиригача умумий ишлаб чиқариш 415 минг донага етиши кутилмоқда.

Соҳада давлат монополиясини йўқ қилиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида 3 та янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилди. Бугун юртимиздаги 8 та заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда.

Соҳада 2 мингдан зиёд корхона яхлит кооперация тармоғига боғланди ва 50 фоиз маҳаллийлаштириш таъминланди. 2030 йилгача мамлакатда енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни 1 миллион донага етказиш режалаштирилган.

«Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Розуқулов. Фото: Президент матбуот хизмати.«Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Розуқулов. Фото: Президент матбуот хизмати.

Бироқ автомобилларга бўлган талаб юқорилигича қолмоқда. Автомобиль ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳам ички, ҳам ташқи бозорда рақобат кучаймоқда. Энди «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ўзининг моделларини кенгайтириши, сифатни ошириши, ишлаб чиқариш таннархини камайтириши ва рақобат муҳитида ишлашга ўтиши зарур, деди президент.

Бугун дунёнинг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчилари электромобиль ишлаб чиқаришга ўтаётганини таъкидлаган Шавкат Мирзиёев агар маҳаллий корхоналар ушбу соҳани ўзлаштириб, замон талабига мослашмаса, келажакда бозорда ўрнини топишда қийинчиликка дуч келишини таъкидлади.

Келгуси йилда Ўзбекистонда йилига 10 мингта электромобиль ишлаб чиқарадиган автомобиль заводини ишга тушириш режалаштирилган. Президент улар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берди.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида жорий йилда 3,5 минг донадан ортиқ техника ишлаб чиқарилди. 2030 йилга келиб бу ҳажмни йилига 16 мингтага етказиш режалаштирилган.

Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери ташкил этилди. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникани ташкил этади. Бироқ уларни сотиш тизими замон талабларига жавоб бермаяпти, дейилади йиғилишда.

Президент маҳаллий техника харидини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, кластер ва фермерларни жалб этиб, бу борада буюртмалар шакллантириш зарурлигини таъкидлади ва қўшимча чоралар белгиланди. Миллий тракторни маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга, осма техника ва тиркамаларни ўртача 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.