Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг беш вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилган чекловлар юмшатилди, деб хабар бермоқда «Ҳудудгазтаъминот».

Хусусан, пойтахт, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШлар «маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида» иш бошлайди.

Ой бошида вилоятлар метан шохобчаларининг иш вақтига чекловлар жорий қила бошлаганди. Кейинроқ уларнинг фаолияти кунига 6 соат (соат 6:00—12:00) билан чекланди ва 13 декабрь куни олтита ҳудудда 1179 та газ қуйиш шохобчаларидан 632 таси иши тўхтатилди.

Жума куни Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, «Ҳудудгазтаъминот» газ қабул қилувчи 1204 та шохобчадан 624 таси ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

14 декабрь куни уларга 4,5 миллион куб метр газ (илгари кунига 15 миллион кубометр газ олиб келарди) ва 800 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Дастлаб чекловлар ҳажми кунига 5 миллион куб метрни ташкил қилиши мумкинлиги хабар қилинганди, лекин шохобчалар етказиб беришни 10 миллион куб метргача қисқартирди.

Аввалроқ «Ўзтрансгаз», «Худудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарлари президентга қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берганди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган.