Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни геология майдонларини ўзлаштириш бўйича вазифалар ижроси, 2024 йилга мўлжалланган геология-қидирув ва ишлаб чиқариш дастури бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, бу ишлар икки йўналишда — ҳам мавжуд конларда газ қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиш, ҳам янги захираларни аниқлаш бўйича олиб борилмоқда. Охирги йилларда геология-қидирув ишлари 2−3 километрдан 4−5 километр чуқурликкача туширилди. Бунинг натижасида янги газ захиралари аниқланди, қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинди.

Таъкидланишича, халқаро консалтинг компанияси жалб қилиниб, кўплаб қудуқларни ишга тушириш имкони топилди.

геология

«Буни давом эттириб, келгуси йилда 3,5 минг квадрат километр майдонда сейсмик ишлар олиб бориш ҳамда янги қидирув қудуқлари қуриш режалаштирилган. Йиғилишда бунинг учун хорижий инвестициялар жалб этиш, тармоқ корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди», — дейилади хабарда.

Технологиялар олиб келиб, 6−7 километр чуқурликда геологик бурғилашга ўтиш масалалари муҳокама қилинди.

Энергия манбаларини изчил етказиб бериш, шу билан бирга, ҳудудлар ва йирик корхоналар кесимида тўлов интизомини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.