Ўзбекистонда маҳаллий компанияларга халқаро брендлар билан ишлашда имтиёзлар берилади ва қўллаб-қувватланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда маҳсулотнинг жаҳонга чиқиш учун энг муҳим жиҳатлардан бири бу — бренд эканлиги қайд этилди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» деган ёрлиқли маҳсулотларимиз брендга айланмагани сабабли ташқи бозорда арзон сотилаяпти, дейилади хабарда.

Шу боис президент мамлакат маҳсулотларининг фақат сотилиши эмас, балки ташқи бозорларда бренд сифатида танилиши учун ҳам кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.

Савдо-саноат палатасига мато, кийим, гилам, пойабзал, чарм, озиқ-овқат, уй буюмлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни брендлар талабларига тўлиқ мослаштириб, буюртмаларни жойлаштирувчи «сорсинг» компаниялари билан боғлаш вазифаси қўйилди.

Шавкат Мирзиёев маҳаллий корхоналарнинг халқаро кўргазмаларда иштирокини кўпайтириш, келгуси йилда Ханой (Вьетнам), Лоц (Польша), Иваново (Россия), Прата (Италия) шаҳарларида тўқимачилик савдо уйларини очишга топшириқ берди.

Унинг сўзларига кўра, машҳур номдаги маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳам мумкин. Мисол учун, келгуси йил Чирчиқда Германия технологияси асосида йилига 2,5 миллион дона алюмин қадоқлаш корхонаси ишга тушади.

Бу нафақат салқин ичимликлар, балки косметика, маиший кимё, озиқ-овқат йўналишидаги корхоналар учун ҳам қулайлик. Бундай имкониятлардан фойдаланиб, нуфузли брендларни Ўзбекистонга олиб келиш зарур, дейилади хабарда.

Бунинг учун қуйидаги янгича ёндашувлар жорий қилинади:

  • брендлар остида ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартларни жорий қилиш, экология ва сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;
  • маҳаллийлаштиришни камида 60 фоизга етказиш шарти билан улар учун зарур барча хомашёлар божхона тўловларидан озод қилинади;
  • камида 30 фоиз маҳсулотини бренд остида ишлаб чиқарадиган тадбиркорларга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун назарда тутилган имтиёз ва енгилликлар берилади;
  • йирик брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистонда ишлаганлик учун тўловлар ундирилмайди.

Президент мазкур йиғилишда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизими қайта кўриб чиқилишини маълум қилганди. Вазирликнинг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади. Уларнинг вазифалари ҳамда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалалари Савдо-саноат палатасига ўтказилади.